КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ  ГАВҲАР АЛИМОВАНИНГ  1 ИЮНЬ – XАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Бугун болажонларнинг йил давомида орзиқиб кутган қадрли ва қувончли кунлари. Дунё мамлакатлари сингари мамлакатимизда  ҳам 1 июнь – ёзнинг илк кунида Халқаро болалар куни сифатида, ҳақиқий болалар байрами ҳисобланади.
Аввало, ушбу байрам тарихига назар ташлайдиган бўлсак бу кунни айнан 1 июнь санасида нишонлаш таклифи 1925 йилда Женевада илгари сурилган. 1950 йилдан эътиборан эса 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонлана бошланган. Халқаро болалар кунини нишонлаш билан боғлиқ анъаналарига кўра дунёнинг кўпчилик мамлакатлари ва шаҳарларида байрам болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва лекциялар ўтказиш билан нишонланади. Шунингдек, болалар кунида турли-туман қувноқ ва маданий оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари, концертлар ўтказилган.
Шу куни оғир беморлар, даволанишга муҳтож ва ногирон болалар учун хайрия акциялари ва тадбирлар ташкил қилинган.
Юртимизда ҳам ушбу сана билан боғлиқ кўплаб хайрли ишлар, тадбирлар ташкил қилинади. 
Аввало, болаларни ҳимоя қилиш куни байрами кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб вояга етишларига  қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. 
Аслида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётнинг давомийлигини асраш моҳияти ётади. Болаларга қилинадиган ҳар қандай ғамхўрлик юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор ҳисобланади. Бугун эртамиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор, келажакда уларнинг Ватанга садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб етишишида муҳим омилдир.
Азиз болажонлар!
Сиз ҳақли равишда бахтли мамлакатнинг бахтиёр болаларисиз. Барчангизга бугунги кун қутлуғ бўлсин! Келажакда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган, меҳр оқибатли, ота-онасига меҳрибон, билимли, зукко ва ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб вояга етишингизга ишонамиз!
Байрамингиз муборак!

2015-2021 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM