Каттақўрғонлик уч авлод вакиллари учрашди

Азалдан халқимизда кекса авлод вакиллари юксак ҳурмат ва эҳтиромда бўлганлар. Тўй-ҳашамлар, маҳаллалардаги барча тадбирлар нуронийлар иштирокида уларнинг маслаҳатлари билан амалга оширилган.

Зеро, кексалар оилалар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш, ёш авлодни тарбиялашда, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда муҳим ўрин эгаллайди.

Шу боисдан мамлакатимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар доирасида нуронийлар иштирокида давра суҳбатлари, уч авлод учрашувларини ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Бугун Самарқанд Давлат университетининг Каттақўрғон филиалида ташкил қилинган “Уч авлод учрашуви” ҳам жуда самимий руҳда бўлиб ўтди.

Шаҳримиздаги турли соҳаларда фаолият юритган айни дамда ўзларининг маслаҳатлари, ҳаётий тажрибалари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ фахрийлар иштирокидаги тадбирни филиал директори Шерзод Уроқов очиб берди.

Шундан сўнг сўзга чиққан шаҳар ҳокими ўринбосари Жамшид Носиров тадбир иштирокчиларини таништирар экан тарих, бугун ва келажакни бирлаштирган мана шундай учрашувларнинг ўтказилиши катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ҳамда ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига садоқат руҳида тарбиялашдаги ролини кучайтиришдаги аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда сўз олганлар ўзларининг ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Шоира ва журналист Фазилат Абдуллаеванинг шеърларини, меҳнат фахрийси Бахриддин Шомаматовнинг, “Каттақўрғон тонги” газетасида фаолият юритаётган Ҳамидулло Ҳушақовнинг ҳаёт чизгиларини ёшлар катта қизиқиш билан қарши олдилар.

Тадбирга ажойиб куй ва қўшиқлар кўтаринкилик бағишлади.

Учрашув якунида фахрийлар ва талабалар иштирокида филиал ҳовлисига арча кўчатлари ўтқазилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Kattaqo'rg'on shahar hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM