Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар АЛИМОВА табрик йўллади 

Азиз ҳамшаҳарларим!

Сизларни янги – 2021-йил билан самимий муборакбод этаман.

Бугун биз вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, янги йилга, ҳаётимизнинг янги бир довонига қадам қўймоқдамиз.

Ўтаётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида бошимиздан кечирган, ён-атрофимизда бўлиб ўтган ташвишли ва қувончли воқеаларни, амалга оширган ишларимизни беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтказиб, шу кунларга етказгани учун шукрона қиламиз. 

Мана шундай ҳаяжонли дамларда ҳар қайси инсон янги йилни кутиб олар экан, қалбида, юрагида сақлаб келаётган эзгу орзу-умидларнинг ушалишини, оиласи, яқинлари, она юрти тинч-омон бўлишини, янги йил янада хайрли ва баракали бўлишини хаёлидан ўтказади.

Шаҳримизда юз бераётган ўзгаришларни, хонадонларимиз, маҳаллаларимизнинг қиёфаси тобора гўзал бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, охирига етаётган йилимизга якун ясаб, холисона 2020-йил биз учун файзли бўлди, деб айта оламиз.

Тўғри, ўтган йилда халқимиз учун жуда катта синовли йил бўлди. Пандемия даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ҳар томонлама кўмаклашишдек халқимизга хос бўлган қадриятларга ҳар қачонгидан кўпроқ эҳтиёж сездик. Лекин халқимиз ўзининг ана шу юксак фазилатларини намоён этди. Айниқса, бу даврда тиббиёт ходимлари, тадбиркорларимиз, ички ишлар ходимлари жуда катта жасорат кўрсатдилар. 

Шаҳримизда ҳам “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаркати доирасида жуда катта хайрли тадбирлар амалга оширилди. Бюджет маблағлари ҳамда ҳомийлар ҳисобидан пандемия даврида шаҳримиздаги ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилаларга кундалик эҳтиёж, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Маънавий қўллаб-қувватланди. Албатта бу ишларда шаҳримиздаги саховатпеша тадбиркорларнинг ёрдамлари жуда катта бўлди.

Лекин шуни айтиш жоизки, қийинчиликларга қарамай барча соҳалардаги ислоҳотлар давом этди. Шаҳримизда ўтган вақт ичида кенг кўламдаги бунёдкорлик, қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ташқи ва ички кўчаларга асфальт ётқизилди. Аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилди. Аҳолининг, хусусан ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида рўйхатлари шакллантирилган “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтар”ларига киритилган оилалар биан якка тартибда ишлар олиб борилиб, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Яқинда, янги йил арафасида шаҳримиз аҳолисига муносиб туҳфа қилган ҳолда бир қатор ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида қурилиш- таъмирлаш ишлари олиб борилган мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда маҳаллалар кўркам ва замон талаблари даражасида жиҳозланган масканларда иш бошладилар. Хотин-қизлар иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишларини таъминлаш мақсадида собиқ “Ғарб мачит” маҳалласи ўрнида тикув, телпак тикиш цехи, қандолат ва нон маҳсулотлари цехи фаолиятини бошлади. Биргина қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси асосида 10 нафар хотин-қизнинг иш билан бандлиги таъминланди.

Ўтган йилда эришган муваффақиятларимиз, ютуғларимиз ҳақида кўплаб гапиришимиз мумкин. Лекин шу билан бирга келгусида қилишимиз лозим бўлган ишларимиз ҳам жуда кўп. Хусусан Вазирлар Маҳкасининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан чиқарилган қарори асосида келаётган 2021 йилда ҳам жуда кўплаб лойиҳалар, вазифалар белгиланган.

Қолаверса, куни кеча барчамиз Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатларини жуда катта қизиқиш билан тингладик. Мурожаатда келаётган йил Президентимиз таклифи билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустакамлаш йили” деб эълон қилинди. Албатта бизнинг янги йилда аҳолининг катта қисмини ташкил қилувчи, келажагимиз бўлган, учинчи ренессанс пойдевори бўлмиш ёшларнинг ватан равнақи ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган баркамол авлод қилиб тарбиялаш йўлидаги масъулиятимиз янада ошади. Бунда биз маърифат тарқатувчилар таълим ходимларининг юксак билим ва салоҳиятларига, куч ва малакаларига ишонамиз.

Азиз ҳамшаҳарлар!

Мана бир неча дақиқалардан сўнг барчамиз яна бир йилни ортда қолдириб эзгу умидлар ва орзулар билан янги йилни қарши оламиз. Илоҳим, кириб келаётган 2021-йил ҳар биримиз учун хосиятли ва самарали йил бўлсин. 

Барчангизни Янги йил билан чин дилдан муборакбод этиб, энг самимий тилакларимни изҳор этаман.

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати

2015-2024 © GOVERNMENT OF KATTAKURGON CITY. Maked by: SAKTRM