ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ: АСОСИЙ ФИКРЛАР

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис аъзоларига анъанавий мурожаатномани ўқиб эшиттирди. «Газета.uz» давлат раҳбари билдирган фикр ва вазифаларни қисқача мазмунда баён этади.

2020 йил — Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили.

Шавкат Мирзиёев жорий йилни ана шундай номлашни таклиф этди, парламентарийлар буни маъқуллади. Ушбу йилда Нукус, Бухоро, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида IT-парклар ташкил этилади. «Электрон ҳукумат» тизимининг барча ташкилий ва институционал масалалари ҳал этилади.

Шунингдек, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш ишлари бошланади. Яқин икки йилда барча қишлоқ ва маҳаллалар тезкор интернет билан таъминланади.

Икки ой муддат ичида «Рақамли Ўзбекистон-2030» дастури ишлаб чиқилиши керак. Ишларни тизимли ташкил этиш учун ҳукуматда бош вазир ўринбосари, вазирлик ва идораларда ҳамда ҳокимликларда эса алоҳида ўринбосар лавозимлари жорий этилади.

Президент 2019 йили ўтказилган парламент сайловини эслаб, сайлов жараёнларини янада такомиллаштириш бўйича алоҳида масалаларни маълум қилди:

  • сайлов комиссияси ва аҳолининг сайлов маданиятини ошириш;
  • сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш;
  • маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, бунда туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим;
  • партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш лозим.

«Демократик ислоҳотлар сари йўл — биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир», — дея таъкидлади президент.

Унинг қайд этишича, давлат доим бош ислоҳотчи сифатида бўлиб келган ва бу сиёсат даражасига кўтарилган. Барчаси «юқоридан» белгиланар эди.

«Энди эса ислоҳот жамиятдаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб белгиланади. Халқни қийнаётган муаммолар эса ОАВ, ижтимоий тармоқлардаги кайфиятлар, халқ қабулхоналари ва бошқа „барометрлар“ орқали аниқланади», — дея қўшимча қилди у.

Таълим ҳақида

Таълим йўналишида мурожаатномада белгиланган вазифалар қуйидагича бўлди:

  • мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамрови 25 фоиздан 50−60 фоизга етказилади;
  • ОТМ давлат гранти асосида қабул икки баробар оширилади, шунингдек, қизлар учун алоҳида давлат грантлари жорий этилади;
  • ўқишга кириш соддалаштирилади;
  • она тили бўйича билимларни баҳолашнинг миллий тест тизими пайдо бўлади;
  • мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони икки бараварга камаяди;
  • олий таълим ўқув жараёнида кредит-модул тизими жорий этилади;
  • педагогик таълимнинг 6та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланади;
  • 10та ОТМ ўзини-ўзи молиялаш тизимига ўтиб, камида 5та ОТМ трансформация қилинади.

Бундан ташқари, мактабгача таълим ёшидаги болаларни боғчаларга қамраб олиш кўрсаткичини 60 фоизга етказиш кўзланмоқда. Шу билан бирга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий қилиш давом эттирилади. Шу мақсадда 130 млрд сўм маблағ ажратилади. 2020 йилда 36та янги мактаб қурилиб, 216таси капитал таъмирдан чиқарилади. Ушбу ишларга эса 1,7 трлн сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Жорий йилда 55та хусусий мактаб ташкил этилиши, уларнинг республикадаги умумий сони 141тага етказилиши билдирилди. Юқори малакали ўқитувчилар маошини янада ошириш масаласи давом этади. Профессионал касб-ҳунар таълимда янги тизим йўлга қўйилади: 340та касб-ҳунар мактаби, 147та коллеж ва 143та техникум ташкил этилади. Миллий малака тизими ишлаб чиқилади, натижада 9000га яқин касблар бўйича кадрлар тайёрланади.

Камбағаллик ва прописка ҳақида

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, ҳукумат 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилишни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиши лозим.

«Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими — ички миграцияни эркинлаштиришдир. Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим», — деди у.

Давлат раҳбарининг айтишича, уй-жой қурилишига хусусий секторни фаол жалб қилмасдан туриб, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини тўлиқ таъминлаш мумкин эмас. Шу сабабли янги ипотека тизими жорий этилмоқда. Бу борада вилоятлардаги шаҳарлар ва Тошкент шаҳрида 18 мингга яқин ҳамда қишлоқларда 4000та уй-жой хусусий сектор томонидан қурилади.

«Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳарларда 16 минг оилага уй-жой олишга бошланғич бадал ва кредит фоизини қоплашга бюджетдан 1 трлн сўм субсидия ажратилади», — дея қайд этди президент.

Ўзбекистонда Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда кам таъминланган аҳоли сони 12−15 фоизни (4,5−5 млн киши) ташкил этади. Охирги 2 йил ичида ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,3 баробарга кўпайди, нафақалар миқдори 2 баробарга ошди.

Лекин кам таъминланган аҳолига ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш орқали ушбу муаммо тўлиқ ечилмайди. Шунинг учун Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт Дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Ўзбекистонда Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади.

Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ташаббуслар

Аввало, солиқ ислоҳотини барқарор давом эттириш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси қошида Фискал институт ташкил этилади. Унда солиқчилар малакаси оширилади, янги билимлар берилади. Бўш турган ер майдонлари ва бинолар ҳақида аниқ маълумот берувчи онлайн платформа ишга тушади. Тўловга қобилиятсиз корхоналарни соғломлаштириш бўйича янги тизим ишга тушади.

«Кичик ва ўрта бизнес тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланади, бундан ташқари лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибида жиддий ўзгариш кутилмоқда. Мирзиёевнинг таъкидлашича, рухсатномалар сони 2−3 бараварга камайиши лозим.

«Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти аъзоларига „жиноий уюшма“ деган айблов қўйиб, уларга оғир жазо тайинлаш каби аллақачон умрини ўтаб бўлган тартибларни бекор қилиш вақти етди. Бунинг оқибатида юзлаб тадбиркорлар қанчадан-қанча азият чекиб, моддий зарар кўраётганларини инобатга олсак, бу ўзгаришларнинг қандай катта аҳамиятга эга экани яққол аён бўлади», — деди президент.

Шунга мувофиқ, Олий суд, Бош прокуратура, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги 2020 йил 1 апрелгача ана шу масалалар бўйича тегишли қонун лойиҳасини пухта ишлаб чиқиши лозим.

Қишлоқ хўжалигида кутиладиган ўзгаришлар

Пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинади. Келгусида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан кўрсатма бериш, ресурсларни тақсимлаш, режа белгилаш кабилардан воз кечилади. Аграр соҳанинг бошқа соҳаларига ҳам арзон кредитлар ажратилиши йўлга қўйилади. Шундан кейин, жорий йилда 2 миллиард АҚШ долларига тенг, келгуси 5−7 йилда эса бундан 3−4 баравар кўп мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Аграр секторда барқарор ривожланишни таъминлаш учун «Кооперация ва кластерлар тўғрисида»ги янги қонун қабул қилинади. Шу йилнинг ўзида 44 минг га ер майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилади.

Мурожаатномада таъкидланган туризм соҳаси бўйича

2020 йилда Ўзбекистонда 7,5 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюришига эришиш кўзланмоқда. Зиёрат ва анъанавий туризм ривожланиши мумкин бўлган маршрутлардаги объектлар сони 800тага етказилади. Жорий йилда янги ва замонавий меҳмонхоналарни қуриш учун 200 миллиард сўм давлат субсидияси ажратилади.

Ислоҳотлар самарадорлиги қуйидаги тўртта омилга боғлиқ экани айтилди:

  • қонун устуворлиги;
  • коррупцияга қарши қатъий кураш;
  • институционал салоҳиятни юксалтириш;
  • кучли демократик институтларни шакллантириш.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM