ТАРАҚҚИЁТГА НИМА ҲИССА ҚЎШДИК, ўртоқ депутат?

Image_tadbir: 

Шиддат билан ривожланиш босқичига қадам қўйган давлатда унинг ҳаракат дастурининг асосий иштирокчилари – биз халқмиз.

Депутатлар шу халқнинг вакиллари- овозидир.

Халқ орасида юрган депутат айни пайтда долзарблик касб этиб турган масалани теранроқ англаши, агар у муаммо бўлса ечими ҳақида бош қотирмоғи керак.

Сессия оралиғида ташаббус ва таклифлар билан чиқиш, фаоллик кўрсатиш яхши албатта. “Менга тегма, сенга мен тегмайман” қабилида яшаш, бефарқлик ботқоғига ғарқ бўлиш ижобий ҳислатлиликни англатмайди.

Тавсиф қилишаётганда, “ташаббускор, тўғрисўз, ўта фаол” дея ижобий фикр билдирилган халқ вакили ҳақиқатда сифатларини сақлаб қолмоғи керак. Инсоннинг турмуш даражасини кўтаришга ҳисса қўшмоқликни ният қилган ҳар қандай сиёсий тузилма- партия ташкилотлари сайловолди дастурларини тез-тез кўздан кечириб турсалар ёмон бўлмасди. Давлат ва ҳукумат ўз олдига қўяётган мақсад ва вазифаларни бажарилишида сиёсий ва жамоат ташкилотларига суянади. Ижтимоий адолат, социал ҳимоя ва бошқа-бошқа буюк мақсадларни бажаришни зиммасига олган партия ташкилотлари жамиятда меҳнат қилаётган ҳар бир инсоннинг дилига яқин. Улар ёнма-ён, елкама-елка. Чунки бугунги кунда истаган касб эгаси ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб ўзининг сиёсий ҳаракатига аъзо бўлиши мумкин.

Шартли равишда олинганда ижтимоий ҳимояга интилган фахрий-пенсионер ХДПни, зиёли, маърифатпарварлар МТДПни, фермер, тадбиркорлар ЛиДеПни танлагани каби мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бешта сиёсий партия сафларини ўз электорати билан мустаҳкамлаб олган.

Лекин партиянинг фаоллари ёки унинг депутатларининг фаоллиги нега сезилмайди? Нега сайлов вақти минбарлардан ҳар дақиқа янграб турадиган мақсад ва вазифалар ижро этилмайди, қуруқ гапга айланиб қолади.

Ҳукумат томонидан хонадонма-хонадон юриб муаммолар ўрганилиш тизими йўлга қўйилди. Халқ қабулхоналари очилиб кишиларнинг дардлари эшитилмоқда. Қолаверса, Президентнинг виртуал қабулхонаси кунида минглаб таклиф-аризаларни қабул қиляпти. Лекин сиёсий партиялар ҳақида буни айтиш қийин. Агар бирор бир партиянинг шаҳар кенгаши раҳбарлари маҳаллалар, фуқаролар билан яқинлашса, халқ дарди билан ёнса буни сезган бўлар эдик. Қайси идорага ёки маҳаллага борсангиз “депутат қабули” деган пештахталарга кўзингиз тушади. Лекин амалдачи?

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган суратлар, маълумотлардан чеккага чиқиб чин дилдан халқнинг дардини тинглайдиган, унинг ечиш бўйича тинмай югуриб ишлайдиган пайт келди. Акс ҳолда депутатлик мандатига эга бўлиш учун кураш бошланганда яна қоп-қоп ваъдалар берамизми? Аммо, сайловчилар бу сафар ишонармикин?

Халқ қалбини танловлар, кўриклар билан эмас уларнинг дарди-қувончига шерик бўлиш билан забт этиш мумкин. Сиёсий ҳаракатлар ислоҳотлар жараёнига жиддий социал-ижтимоий фаолияти билан аралашмас экан унга на давлат, на жамият ишонади.

Айтгандек, сайловларга саноқли кунлар қолди...

 

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM