Илтимос, “лойиҳа” сўзини камроқ ва ўз маъносида ишлатинглар.

Ўзимча олим тўнини кийволиб, ҳар нарсага четдан қарашга, холис бўлишга уринмай, мен ҳам баъзан чидай олмайман: нималардир асабимни бузади, ниманидир тўғри тушуна, қабул қила олмайман. Айниқса тил масаласида.

Шу десангиз, охирги пайтларда “лойиҳа” (баъзилар “проект” дейди) сўзи жуда ғашимга тегадиган бўлиб қолипти. Узоқ ўтган замонда, ННТда ишлаганимда, бу сўзни кўп ишлатардик: у ерда “лойиҳа” деганда қандайдир конкрет амалий ҳаракат эмас, унинг лойиҳаси, қоғоздаги варианти тушуниларди. Масалан, бирор тадбир ўтказмоқчи бўлсак, аввал унинг концепцияси ва лойиҳаси тайёрланар, улар тасдиқлангач, режа ва дастур тузилар, сўнг бу ҳужжатлар асосида тадбир ўтказиларди. Лекин тадбирнинг ўзини “лойиҳа” демасдик (“тадбир” деганда “йиғилиш”, “машварат”нигина эмас, каттароқ ишларни, масалан, мониторинг бўйича ишларни, сафарларни, ҳисобот ва аналитика тайёрлашни, сўров ўтказишни ва ҳоказоларни ҳам назарда тутяпман).

Ҳозир эса, кузатишларим бўйича, “лойиҳа” сўзи жуда оммалашиб кетди ва ўз маъноси қолиб, жуда кенг контекстда қўлланяпти: бирор сайтда янги рукн очилса, у ҳам “лойиҳа”; тадбир уюштиришса, бу ҳам “лойиҳа”; янги сайт очилса, у ҳам “лойиҳа”; янги компаниялар, курслар, ўқув марказлари, ижтимоий ва маданий ташаббуслар – ҳамма-ҳаммасини “лойиҳа” деб аташяпти. Бир танишим ёлғиз ўзи тоғда дарахт экаётган экан, мақсади ўрмон яратиш экан; шу ишини ҳам “лойиҳа” деб атаяпти.

Бир нарсани аниқ биламан: бу одат бизга руслардан ўтди: айнан Россияда охирги йилларда ҳар нарсани “проект” дейиш урф бўлди. Биз эса, доимгидай, руслардан ҳар балони ўйлаб-ўйламай кўчираверамиз.

Илмий жиҳатдан ҳамма нарса нисбийлигини, маънолар ўзгарувчанлигини билсам-да, келинг бир мижғовлик қилиб қўяй: “лойиҳа” сўзи конкрет ишни эмас, шу ишнинг қоғозга туширилган ғоясини, моделлар ва прогнозлар йиғиндисини англатади. “Лойиҳа” амалиётга кўчганида, у “тадбир”га, “рукн”га, “нашр”га, “ташаббус”га, “компания”га, “стартап”га ва ҳоказога айланади.

ИНТЕРНЕТ блоггерлари саҳифасидан олинди.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM