ЯНГИ ХОНАДОНЛАР МУБОРАК!

Муҳтарам президентимизнинг  ташаббуси билан Ўзбекистон халқини шахсий уй-жой билан таъминлаш ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган. 
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қаватли уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга биноан ҳар йили  минглаб оилалар ўз турар-жойларига эга бўлишмоқда.
 Бинобарин, ана шундай эзгу ташаббус ва бунёдкорлик туфайли Каттақўрғон шаҳрида ҳам ҳар йили кўп қаватли, арзон турар-жой бинолари қурилмоқда. Айниқса, бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ҳамшаҳарларимизга имтиёзли равишда уй ажратилишида алоҳида эътибор бериляпти. 
25 октябрь куни мамлакатимизда Ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонланаётган паллаларда шаҳардаги  “Ноқис” ва “Гўзалкент”  маҳаллаларида 3 та 5 қаватли,  жами 135 хонадон  аҳолига фойдаланишга топширилди. 22 нафар эҳтиёжманд фуқароларга имтиёзли равишда шаҳар ҳокимлиги томонидан илк тўлов амалга оширилди. Ўтган даврда ҳокимлик томонидан  ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 2017 йилда 3 та, 2018 йилда 16 та квартира ажратилган эди.  Жорий йилда бу кўрсаткич 46 тани ташкил этди.  Бундан 22 таси шаҳар ҳиссасига, 24 таси Ингичка қўрғончаси ҳиссасига тўғри келади.  Таъкидлаш жоизки, сайёр қабулда ёрдам сўраб муроажаат қилган Дилбар Ҳакимованинг хонадон учун бошланғич тўлови 3 сектор раҳбари, шаҳар ИИБ бошлиғи О. Муҳамадиев раҳбарлигида тўлаб берилди.
Уйларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирда шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов иштирок этди. У шу қурилишни амалга оширишда фаоллик кўрсатган барча қурувчиларга миннатдорчилик билдирди.
Янги хонадон соҳибларини кўркам замонавий уйларга кўчишгани билан қутлади. Сўзга чиққан хонадон соҳиблари бугунги янгиланиш ва бўлаётган ислоҳотларга шукроналик айтишди. Янги хонадонларнинг соҳиблари улкан қувонч ва кўз ёшлар ила ушбу бунёдкорлик йиллар давомида кутилган орзуси эканлигини таъкидладилар.
Тадбирда куй-қўшиқлар янгради. Янги хонадон соҳибларига калит билан биргаликда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Қурилишда намуна кўрсатган ишчилар ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. 
Мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган кенг қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, келажакка умид ҳисси янада кучаймоқда.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM