ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ФАОЛ БЎЛАМАН ДЕБ ИНСОНИЙЛИК ЙЎҚОЛМАСИН

Бугун интернет, ахборот алмашиш жадаллик билан кетаётган бир даврда жамиятнинг барча аъзолари десак тўғри бўлади, ушбу ўргимчак тўрининг асирига айланиб бормоқда. Тўй-ҳашамда дейсизми, тадбирлардами ҳоҳлаган ёшдаги инсонни кузатсангиз қўлидаги телефон ва унинг ичидаги интернету, ҳар-хил каналлар, ижтимоий тармоқлар билан банд. Ҳар нарсанинг меъёрда бўлгани яхши деганларидек, кейинги вақтларда инсонларнинг бу борадаги истаклари меъёридан анча ошиб кетди менимча.

Энг ёмони ижтимоий тармоқларнинг ёшларни ўз домига тортаётгани. Яқинда ишдан қайтишда 8-синфда ўқийдиган 4-5 ўқувчи болани кимлар биландир “разбор” қилиб келаётганликлари, энди улар бу ишни қайтиб қилолмасликларини айтиб бақир-чақир қилиб келаётганликларини гувоҳи бўлдим. Секин улар билан гаплашишга уриндим. Йигитлардан бири жон аччиғида қиз бола жиянининг расмини йигитлар ўртасида ташкил қилинган “группа”га тарқатиб юборганини, ўшалар билан йигитчасига гаплашиб келаётганлигини айтди. Яхшиямки уларнинг жанжали яхшилик билан тугабди. Агар шу жанжалда қайсидир болага жиддий шикаc етса, унинг ҳаётига ҳавф солувчи жиноят содир этилганда бунга ким жавоб берарди. Ачинарли томони мана шу ёшлар ижтимоий тармоқларда ҳар-хил шов-шувли хабарлар, видеоларни қўяман деб атрофда бўлаётган воқеаларга бефарқларча муносабатда бўляптилар. Сувда чўкиб ўлган ёш йигитни, аварияда таниб бўлмас даражага келиб қолган инсонларни, кўчадаги, оиладаги, умуман турли жойларда бўлаётган жанжалларни, хотиннинг эрига хиёнати боис унинг шармандали суратларини, шунга ўхшаган миллатимизнинг шаънига доғ туширадиган ҳолатларни тармоқларга жойлаштиргандан кимга фойда. Унга берилган баҳо халқимизнинг, миллатимизнинг шаънига берилган баҳо эмасми?

Ёнғин содир бўлган уйга ёрдамга ошиққан ёши катта бир отахоннинг айтишича, қўшнилар, ёши катта инсонлар  борки барчаси қўлида илинган нарсага сув ташиб ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилаётган бир вақтда томошабин бўлиб турган ёш йигитларнинг барчасини қўлида телефон, видеога олиш билан овора. Уларни ёрдамга чақиришлари ҳам бефойда бўлган. Хўш нима учун видеога олганлар, албатта интернетга қўйиб, кимларнидир қойил қолдирмоқчи бўлганлар. Бошига фалокат тушган инсонларга ёрдам бериш ўрнига, инсонийлигини, меҳр-шавқатни йўқотиб, бошқаларнинг ғам-ташвишларини ўйин қилаётган бундай ёшлар билан қандай қилиб келажак қуриб бўлади. 

Бу болаларни ҳам айблаб бўлмайди. Ўйлаб кўринг уйга келганларида ота-онаси ҳам интернет ичига кириб кетган, мактабда ҳам шу ҳолат, болалар группаю ҳар-хил каналлар билан банд, кўчага чиққанларида ҳам суҳбатлари, “бугун интерентда нима гам”, “yotubга кирдингми, нималар чиқибди”, “кеча зўр видео қўйдим кўрдингми” каби мавзуларда бўлса, уларни назорат қиладиган инсонларнинг ўзлари интернет оламида яшаса улар нима ҳам қилсин.

Ёшларни тушунса бўлади, улар ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугию, заҳматларини, қийинчиликларини бошдан кечирганлари йўқ, шу боис уларнинг ҳаёт ҳақидаги қарашлари унчалик жиддий эмас. Лекин ёши катта, зиёли, бўлаётган воқеаларга ўз муносабатини билдира оладиган ёшдаги инсонларни бу ўргимчак тўрининг таъсирига бунчалик берилганларини қандай тушуниш мумкин. Тўғри интернетнинг ҳам фойдали томонлари кўп. Маълумот олишда, хабарларни етказишда, почта хизматларини амалга оширишда катта қулайликлар туғдиради. Лекин бу эрта-ю кеч интернетнинг ичида яшаш дегани эмаску. Мана шунинг учун ҳам кўпчилик реал ҳаётдан узилиб қоляпти.

Аваллари ота-онасини, яқинларини кўришга борган бўлсалар, энди фақат телефон орқали ҳол-аҳвол сўраб қўядилар, вақт йўқлигини баҳона қилиб. Лекин куни билан телефон ва унинг ичидаги интернет билан боғланишга вақт бор.

Яна бир ёмон томони ана шу тармоқлар ичидаги турли хил беҳаё суратлар, видеолар билан бирга динимизнинг муқаддас оятлари, суралар, оёғи остида жаннат бўлган оналаримизнинг, пок, беғубор кўз тегмасин деб асраб-авайлайдиган фарзандларимизнинг суратларини ҳам тургани.

Азалдан халқимизда орият, ғурур, инсон шаъни муқаддас саналган. Афсуски кейинги вақтларда  тармоқларда фаол бўламан, қўйилган хабар ёки видео учун кимларнидир қойил қолдираман деб орамизда инсонийлик, меҳр-оқибат, раҳм-шавқат ҳисларини тобора йўқолиб бораётгани ачинарли ҳол.

Интернатга муккасидан кетган бир инсон ногаҳон телефондан бош кўтариб қараса, олдида сочларига оқ оралаган бир аёл, соч-соқоли ўсиб кетган йигит ва қўлида бола кўтарган аёл турибди. “Сизлар кимсизлар”,-дея сўрабди у. Ёши катта аёл, “мен турмуш ўртоғингизман, бу йигит ўғлингиз. Сиз телефон ичида яшаётган вақтингизда ўғлингиз жиноят содир этиб қамалиб чиқди, қизингизнинг турмуши бузилиб уйга келганига ҳам анча бўлди”,- дебди. Эркак кўзларига ишонмай югуриб бориб ойнадан ўз аксини кўриб қўрқиб кетибди. Унинг қаршисида ёши ўтган, сочларига оқ тушган, кўзлари қизариб кетган, юзлари салқиган бир эркак турарди. Шунда унинг эсига нимадир тушиб кетиб югурганича айвонда турган чорпоянинг олдига борибди. Юраги ҳапқирганча хотинидан “Отам, онам қанилар”,-деб сўрабди. Аёл кўзларига ёш олиб “афсуски уларнинг ҳам оламдан ўтганларига анча йиллар бўлди”, -дебди. Шунда эркак энг ширин дамларини, фарзандларининг бахтини, ота-онасининг ҳаётини ўғирлаган, шунча йиллик умрини бесамар кетишига сабабчи бўлган матоҳнинг асирига айланган кунига лаънат ўқиб уни улоқтирибди.

Интернетнинг қулига айланиб қолган, фақат группа, каналлар билан банд бўлган, шов-шувли хабарларга муккасидан кетган “интернет одамлари”,  сиз ҳам ҳаётдан узоқлашманг. 4-5 соатлик ижтимоий тармоқдаги обруни деб ўзбеклик ғурурингизни, йигитлик орингизни, аёллик шаънингизни энг муҳими сизга берилган энг олий неъмат, асло қайтариб бўлмас вақтингизни йўқотманг. 

ДИЛРОЗ 

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM