“ТЕАТР БУ- ИБРАТХОНАДИР”

Театрни маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ана шундай атаган бўлса, бугун юртбошимиз, театрни маънавият ўчоғи, ижод аҳлини эса инсон қалбининг муҳандислари дея юксак таърифлайдилар. Ҳақиқатдан ҳам театр ҳар қандай даврда, доим ҳам ҳаётий сабоқлар берувчи жонли восита ҳисобланган. Инсон маънавиятини юксалтиришда театрнинг алоҳида ўрни бор.

Жумладан, ўзининг узоқ йиллик тарихига эга бўлган Каттақўрғон Драма театрининг ҳам шаҳримиз аҳолисини, айниқса ёшларнинг маънавияти, кенг дунёқаришини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этадиган маданият-маърифат маскани дейиш ўринли. 

Юртбошимизнинг ташаббуслари билан тўлиқ таъмирланган, замон талаблари даражасида жиҳозланиб ўзгача қиёфа акс этган ана шу ижод масканининг ижод аҳли бугун ўзларининг 99-мавсумини кенг нишонладилар. Унга шаҳримиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари,таълим муассасалари педагоглари, ўқувчи-ёшлар, отахон ва онахонлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик таклиф этилди.

Тадбирга сўзга чиққан шаҳар ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари буйича маслаҳатчиси Жамшид Носиров, шаҳар Маданият бўлими раҳбари Одил Бозоровлар театр аҳлини ушбу муборак сана билан қутладилар ва уларнинг келгусидаги ижодларида муваффақият тиладилар.

Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига ёзувчи ва журналист Муҳаммад Али Эргашнинг Имом Ал-Бухорий ҳаётига бағишланган “Саодат йўли” асари асосида саҳналаштирилган спектакль ҳавола этилди.

-Киноларни, спектаклларни телевизор орқали кўп кўрганмиз. Лекин асарни спектакль ҳолида, театрда, жонли ҳолда кўриш инсонга бошқача завқ бағишлар экан. Бугун биз шаҳрингиздаги театрнинг 99-мавсумида иштирок этиб, театр актёрлари ижросидаги спектаклни кўриб, тўғриси, худдики ўша даврни кўргандек бўлдик. Актёрларнинг маҳоратига қойил қолдик. Бугунги тадбир бизда жуда катта таассурот қодирди, -дейди мавсумнинг очилишга ташриф буюрган, “Марварид” сиҳатгоҳида даволанувчи оқдарёлик онахонлар.

   Ҳақиқатдан ҳам театр 99-мавсумининг очилиши тадбирда иштирок этган  каттақўрғонликларнинг қалбидан чуқур жой олди. Биз ҳам театр жамоасининг янги мавсумни бошлаши билан қутлаймиз ва ижодларига барака тилаб, улардан янги-янги спектаклларни кутиб қоламиз.

Ҳилола ЭРГАШЕВА 

 

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM