САҲНАДАГИ БАХТ

Гулнора Ризаева- ўзига хос истеъдод соҳибаси. У Каттақўрғон шаҳар драма театрида самарали ижод қилмокда. Ҳозиргача тўқсонга яқин спектаклларда турли ролларни маромида талқин этган. Гулнора билан суҳбатимиз -театр, давр, томошабин, изланиш хусусида бўлди.

Саҳнада том маънодаги, яъни санъаткорона ижро керак. Зеро, санъаткор ўзи кашф этаётган қаҳрамоннинг кеча, бугун ва эртанги дарди, қувончу ташвишлари билан яшамоғи лозим. Театр артистининг бош ҳаками томошабин. Томошабиннинг ижобий эътирофини қозониш учун эса, санъаткорнинг ҳаётий, ишонарли ижроси зарур, -дейди у.

        -Гулнора, санъатдаги соҳалар ҳам бир-бири билан рақобатда. Шундайми?

        -Ана шу рақобат - театр санъати ижодкорларини ҳам ўз "ғалвири"дан ўтказаяпти. Чунки, театрнинг минглаб мухлислари кино ва телевидения томон оғиб кетишган. Уларни яна театрларимизга жалб етиш учун - рақобатга дош бера оладиган, пухта, қизиқарли асарлар саҳналаштиришимиз, яъни шу куннинг нафаси уфуриб турадиган миллий руҳдаги спектаклларни яратишимиз лозим.

         -Гулнора, қишлоқ қизисиз. Саҳнага кириб келишингиз ҳақида гапиринг.?

Ҳа, иштихонликман. Далада ўйнаб ўсганман. Болалигимдан артистликни орзу қилардим. Мактабда хам, билим юртида хам бадиий ҳаваскорлик тўгаракларининг "қаҳрамони" бўлганман. Бу чиқишларга ўзим режиссёрлик қилардим. 1983 йили Каттақўрғон драма театрига, зора қабул қилишса, деб келдим. Ишга олишди. Аввал саҳна безакчисига ёрдамчи, бир-икки ой ўтиб оммавий саҳнада синовдан ўтказишди. Саҳнадаги ҳаракатларим билан режиссёрларни ишонтиролдим, шекилли, роллар ҳам бера бошлашди...

1986 йили Маннон Уйғур номидаги Тошкент санъат институтига сиртдан ўқишга кириб, олийгоҳни 1991 йили муффақиятли битирдим. Ўлмас Умарбековнинг "Курорт” асарида Шаҳло, Умаржон Исмоиловнинг "Рустам" драмасида Остона, Уйғуннинг “Зебунисо” асарида Наргис, Шавкат Сиддиқийнинг “Фиғон” драмасида Султона, “Абдулла Қаххорнинг “Тобутдан товуш” комедиясида Ҳожар, Эркин Хушвақтнинг “Андишали келинчак” комедиясида Мардикор аёл, Эврепиднинг “Медия” фожеасида Малика, Ҳ.Олимжоннинг “Семурғ” достонида Паризод ва шу каби бошқа ранг баранг образларни яратдим. Бугун хам театр репертуаридаги барча спектаклларда бандман. Зеро, саҳнага, театрга ишқим беқиёс.

... Яқинда саҳнанинг фидоий бекаларидан бири Гулнора Ризаева табрикларга, гулдасталарга бурканди. Республикамиз мустақиллигинг 28 йиллиги арафасида Президентимиз фармони билан Г.Ризаева самарали хизматлари, театр санъати ривожи йўлидаги жонбозлиги учун "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.

Нуфузли нишон муборак, Гулнора!         '

Абдуазиз  ҲОШИМОВ

Республика театр арбоблари

уюшмаси аъзоси

 

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM