28 ЙИЛЛИК ТЎЙИНГ МУБОРАК!

Бундан 28 йил муқаддам халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, унутилмас воқеа, яъни Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинган эди. Ўтган қисқа давр ичида юртимиз бутун дунёга юз тутди. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар боис унинг кундан-кунга тараққий этиб бораётгани таҳсинга сазовордир.

Бир неча кундан сўнг пойтахтимизда ана шу муборак ва қутлуғ санага бағишлаб байрам тантаналари бўлиб ўтади. Айни кунларда эса барча туман ва шаҳарларда байрам тадбирлари ўтказилмоқда. 

 Шаҳримизда ҳам ушбу қутлуғ санани нишонлашга юқори даражада тайёргарлик кўрилди. Шаҳар бўйлаб ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Белгиланган жойлар байрам кайфиятини улашувчи шиорлар билан безатилди. Байрам муносабати билан касб-ҳунар коллежларида, таълим муассасаларида “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида-она диёр”, “Ватан учун яхшилик” каби анъанавий кўрик-танловлар ўтказилди.

“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида байрамнинг асосий тантаналари 24-август куни шаҳримиздаги “Дўстлик” ўйингоҳида бўлиб ўтди.

“Сенга фидо бўлсин жон бирла таним, Мислсиз серқуёш Ўзбекистоним” деб номланган байрам тадбирига шаҳар аҳолиси уюшқоқлик билан қатнашдилар.

Тадбирни кириш сўзи билан очган шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов Каттақўрғон шаҳар аҳолисини байрам билан муборакбод этиб, кундан-кунга чирой очиб бораётган шаҳримизнинг иқтисодий салоҳиятини яхшилаш, унинг янада тараққий этиши, шаҳар аҳолисининг фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши йўлида қилинаётган ишларга тўхталди ва юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар, ўзгаришларда каттақўрғонликларнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.

Шаҳар маданият бўлимининг мустақилликни мадҳ этган саҳналаштирилган томошалари, куй-қўшиқлари, коллежлар, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари томонидан тайёрланган бадиий мусиқий чиқишлар байрамга ўзгача тароват кашф этди. Шунингдек, Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та ташаббус бўйича тайёрланган компазицион саҳна кўринишлари барчага манзўр бўлди.

Тадбир давомида республикамиз ва вилоятдан ташриф буюрган хонандалар ва шаҳримиздаги кўзга кўринган санъаткорлар томонидан байрам дастури намойиш этилди.  

Ўйлаймизки кўтарингки руҳда бўлиб ўтган байрам тантаналари шаҳримиз аҳолисининг қалбидан чуқур жой олиб,  уларнинг ватанга бўлган муҳаббатини янада оширади.   

Ҳилола ЭРГАШЕВА

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM