КИМНИНГ БЕТИ ҚАТТИҚРОҚ?

Газетамизнинг ўтган сонида Дилрознинг “Истасам ёқаман, истамасам ...” ёхуд газ узилишини назорат қиладиганлар борми? номли мақоласи берилиб, унда шаҳар газ узатиш тармоғи фаолияти танқид қилинган эди. Мазкур мақоладан кейин мутассаддилар хулоса қиладилар, деб ўйлаб янглишган эканмиз. Орадан икки кун ўтар- ўтмас яна бу ҳол такрорланди, яъни газ узилиши рўй берди.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг ҳар бир чиқишларида "инсон манфаатларини устун қўйиш, ҳар бир раҳбар муаммони ҳал этишда сансоларликка йўл қўймаслиги" ҳақида  қанча кўп гапиришларига қарамасдан бу каби идораларнинг ўз истаганича фаолият юритишини қандай тушуниш мумкин? Каттақўрғон электр алоқалари тизими фаолияти тўғрисида ҳам шуни гапириш мумкин. Шаҳарнинг янги маркази жойлашган маҳаллаларда "суғориш" линияси ўтган бўлиб, унинг ҳам тизгини кимнинг қўлида эканлиги номаълум. Чироқ ўчган пайт электр ташкилотига қўнғироқ қилсангиз, жавоб шу "Самарқанд ўчирди, қачон ёқиши номаълум, линияда авария бўлди, ёниб қолади ва ҳоказо"

 жавобларни айтишади. Сув ҳақида гапирмай қўя қоламиз. Бундан икки йил муқаддам "шаҳарга инвесторлар келди, энди 100 миллион АҚШ долларига тенг қурилиш ишлари бошланади, сув тизими қайта таъмирланади," дея хабар тарқалган эди. Кўриб турганимиздек, ҳалигача бу борада бирор иш қилингани йўқ.

Шаҳар газ, электр, сув таъминоти корхоналарининг вилоятдаги раҳбарларига мурожаат қилмоқчиман: Жаноб мутасадди раҳбарлар! Бу муаммоларга қачон барҳам бермоқчисиз? Газни истаган вақтингизда ўчирсангиз, электр энергиясини узсангиз, сув узатиш тармоқлари таъмирталаб бўлиб ётса, буларга ким жавоб беради? Каттақўрғонликларнинг бу борадаги муаммоларини қачон ҳал қилмоқчисиз? Шаҳар коммунал хизматлари сифати қачон яхшиланади? Ёки Каттақўрғон Сизга ўгайми?

Р/S. Мақолада кўтарилган муаммонинг ечими бўйича мутассадилардан жавоб кутиб қоламиз.

Жаъфар НУР.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM