КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ИСТИРОҲАТ БОҒИДАГИ КЕСИЛГАН ДАРАХТЛАРГА мутасаддилар изоҳи

Яқинда «Озодлик» каналида Каттақўрғон шаҳридаги истироҳат боғида соя берувчи дарахтларни  кесиш бошланганлиги ҳақида “Соя бериб турган дарахтлар кесилмоқда” дея хабар тарқалган эди. Биз ана шу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида истироҳат боғига ташриф буюрдик ва парк  раҳбари Ҳусан Муҳаммедов ҳамда Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Каттақўрғон шаҳар инспекцияси бош мутахассиси Олим Султоновлар билан биргаликда бутун истироҳат боғини айланиб чиқдик.

Лекин, ажабланарлиси бирорта ҳам соя бериб турган дарахтларни кесилганини гувоҳи бўлмадик. Аксинча кузатишларимиз, ўрганишларимиз натижасида шу нарса аниқ бўлдики, парк ҳудудидаги кўпгина дарахтлар ё бутунлай, ёки ярмигача қуриб фойдаланиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолган. Бу ерда айнан мана шу қуриган дарахтлар санитария мақсадида кесилган. 

Бош мутахассис О.Султонов  тақдим этган ҳужжатларга кўра парк  ҳудудидаги қуриётган ва қуриб қолган дарахтларни кесиш учун Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2019 йил 1 июлдаги 268-сонли хулосасига асосан шаҳар ҳокимлигининг рухсатномаси олинган. Унга кўра истироҳат боғидаги қуриб қолган 4 та қайрағоч, 7 та терак ва 4 та чинор дарахтини кесишга рухсат берилган. Ҳақиқатдан ҳам биз гувоҳи бўлганимиздек, кесилган ва энди кесилаётган дарахтлар бутунлай қуриб бўлган. Афсуски  улардан соя олиб бўлмайди.

“Энг ёмони бу ердаги кўп йиллардан буён ҳақиқатдан ҳам истироҳат боғига кўрк, соя бериб турган чинор ва бошқа дарахтлар учларидан қуриб келяпти. Кўрганингиздек, йўлаклардаги ва болалар аттракционлари устида жойлашган дарахтларнинг кўп шохлари қуриб осилиб қолган. Улар исталган вақтда узилиб тушиши ва инсонлар ҳаётига хавф солиши мумкин. Шунингдек, истироҳат боғидаги қурилган дарахтларни айнан шу кунга келиб кесилишга ҳам сабаб, биз  мутахассисларнинг бу ишларни баҳорда ёки бошқа вақтда бажариб бўлмаслигини, дарахтларнинг вегетатив даврини ҳисобга олган ҳолда кесиш кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларига асосланиб шу бугунги кунда амалга оширяпмиз. Албатта ҳар бир кесилган дарахт ўрнига янги дарахт кўчатлари экилади”,-дейди парк раҳбари Ҳ.Мухаммедов. 

Вазирлар  Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисидаги” 43-сонли қарорига илова Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тўғрисидаги Низомга кўра - табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган ҳамда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, авария ҳолатидаги дарахтлар ва буталарни таг қисмидан, танасининг бир қисмини (асосий танадан ажралиб чиққан қисми) ёки уларнинг шохларини кесиб олиб ташлашга яъни, санитария мақсадида кесишга рухсат берилган. Истироҳат боғидаги айнан мана шу Низом талабларида кўрсатилган қуриган ва қуриётган дарахтлар кесилган.

Кўрганларимиз ва ўрганишларимиздан шу нарса аниқ бўлдики, Каттақўрғон шаҳар истироҳат боғидаги соя бериб турган эмас, фақат қуриб бораётган ва қуриган дарахтлар  санитария мақсадида,  тегишли идораларнинг рухсатномаси ва Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги қонун ҳужжатларига мос равишда амалга оширилган.

 Ҳилола ЭРГАШЕВА.