КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИДАГИ МУДҲИШ ҚОТИЛЛИК САБАБЛАРИ НИМА?

Бугун шаҳар Драма театрда шаҳар ҳокимлиги, ИИБ ва прокуратура ходимлари, муассасалар, жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда асосан битта масала, яъни куни кеча шаҳримизда содир этилган мудҳиш жиноят, унинг оқибатлари, жиноятни келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар муҳокама қилинди.

Содир этилган жиноят тафсилотларига кўра,  2019 йил 4 июль куни соат 10:00 ларда  Каттақўрғон туман “Зарқўрғон” маҳалласи Кўкан қишлоғидан оқиб ўтувчи  “Чиқиш” каналининг чап қирғоғидан Равшан Фахриддинов ҳамда унинг укаси Ришат Фахриддиновларнинг жасадлари қотиллик аломатлари билан топилган. Жиноятни фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор суриштирув  ишлари натижасида ушбу жиноят Каттақўрғон шаҳар “Дўстлик” маҳалласида яшовчи фуқаро томонидан содир этилганлиги аниқланган. Ушбу фуқаро 3 июль куни 12:00 лар атрофида яшаш уйининг ахлатларини тўкиш учун чиққанда унга нотаниш бўлган икки нафар шахс, яъни, марҳум Равшан ва Ришат Фахриддиновларни спиртли ичимлик истеъмол қилиш учун уйига таклиф қилади. Шу орада улар орасида жанжал чиқиши оқибатида уй эгаси ака-ука Фахриддиновларга ошхона пичоғи билан оғир тан жароҳати етказади. Натижада иккаласи ҳам вафот этади.

Йиғилишда сўзга чиққан ИИВ бош бошқармаси бошлиғи Темур Исмоилов ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари Фарход Хасановлар, ушбу жиноятнинг содир этилишига асосан масъул ходимларнинг бефарқлиги сабаб бўлганига урғу берди.

Атроф-муҳитга лоқайд ва бепарво муносабат туфайли  қотиллик қурбони бўлмиш икки нафар шахс воқеа жойида анча вақтгача қолиб кетгани (12 соат давомида), бундан на қўни-қўшни на маҳалла фаоллари хабар топмагани, жасадларни Чиқиш каналигача олиб боришида бирор кишининг гувоҳ бўлмаганлиги кишини таажжубга солади. Маҳаллаларда ичкиликка, гиёҳвандликка ружу қўйган, жиноятчиликка мойиллиги бўлган шахслар билан етарлича профилактик тадбирлар олиб борилмаётганлиги оқибатида ана шундай мудҳиш жиноятлар содир этилаётганлиги таъкидланди.

“Ушбу жиноят барчамизни сергак тортириши керак. Жиноятни содир этган шахс ичкиликка ружу қўйган. Мана шундай ичкиллик оқибатида содир этиладиган жиноятларнинг қурбонлари орасида эртага ҳар биримизнинг яқинимиз бўлиши мумкин.  Бу иллатга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси деган тушунчадан йироқ бўлишимиз ва бунга ҳар биримиз, барча жамоат ташкилотлари, маҳалла, Хотин-қизлар, Ёшлар Иттифоқи, соғлиқни сақлаш, кенг жамоатчилик биргаликда фаолият олиб бориши керак. Шундагина бу борада олиб борилаётган ишлар натижа бериши мумкин”,- деди ўз сўзида вилоят прокурори ўринбосари С.Ишқувватов.

Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов барчани эътиборли бўлишга, шаҳримиз салоҳиятига тўсиқ бўладиган мана шундай ҳолатларни содир этилишига йўл қўймасдан виждонан ишлашга, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларга қарши курашишда барча жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчиликни ҳамкорликда иш олиб боришга чақирди.

Йиғилиш сўнгида шаҳар ҳокими томонидан шаҳар ҳокимлиги, ИИБ, профилактика инспекторлари, бандлик, ДСЭНМ, соғлиқни сақлаш, Хотин-қизлар, “Нуроний”, “Маҳалла”, Ёшлар Иттифоқи вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузиш ва унинг зиммасига рўйхатга олинган ичкиликка, гиёҳвандликка ружу қўйган ҳар бир шахс ҳақида тўлиқ маълумот шакллантириб паспорт қилиш ва уларнинг ҳар бири билан алоҳида соғломлаштириш ишларини олиб бориш, спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган дўконлар фаолиятини ўрганиш, хотин-қизлар билан биргаликда фоҳишалик билан шуғулланувчиларни ўрганиш, ДСЭНМ билан бирга дорихоналарда техник спирт сотилишини ўрганиш ва кўп қаватли уйлар олдига камералар ўрнатиш ва бошқа вазифаларни юклаш ҳақидаги топшириғи берилди. 

Ҳилола ЭРГАШЕВА.

 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM