МЕҲР-МУРУВВАТ ВА ЭЪТИБОР ХАЛҚИМИЗГА ХОС

Халқимиз меҳр-оқибатли, мурувватли халқ. Шу боисдан азалдан ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, кексаларга юксак ҳурмат ва эътибор кўрсатиб келинган. Бугунги кунда юртбошимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат асосида ҳам аҳолининг кам таъминланган, ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз яшаётган кексалар, боқувчисини йўқотган, ҳар томонлама ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган қатламини қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш тамойиллари муҳим ўрин тутади.

Шаҳримизда ҳам бу хайрли анъанага амал қилиниб доимий равишда байрамлар, турли тадбирларда ана шундай  инсонлар ҳолидан хабар олиниб ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Куни кеча шаҳримиздаги драма театрда шаҳар ҳокимлигининг ташаббуси билан шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида хайрия тадбири бўлиб ўтди.

Унга секторлар, маҳаллалар ва Халқ қабулхонаси кесимида уйма-уй юриб муаммоларни ўрганиш жараёнида соғлиқни сақлаш масалалари бўйича мурожаат қилган фуқаролар таклиф этилдилар.

Тадбир давомида шаҳар ҳокимлигининг ҳомийлиги остида ижтимоий ҳимояга муҳтож, соғлиқларида муаммолари бўлган инсонларнинг 11 нафарига ногиронлик аравачаси, 9 нафарига ҳасса-таёқ ва 15 нафарига эшитиш мосламалари тақдим этилди.

Сўзга чиққан шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов йиғилганларни муборак Рамазон ойи билан қутлар экан, мана шундай хайрли тадбирларнинг ўтказилишида халқимизда меҳр-оқибатлилик, инсонпарварлик ҳислатларининг юқори эканлиги муҳим аҳамият касб этишини алоҳида такидлади.

Шу куни хайрия тадбири мутасаддилари  Ингичка қўрғонига ҳам ташриф буюрдилар ва бу ердаги  ногиронлик арвачаси ва эшитиш мосламаларига муҳтож кишиларга уларни топширдилар.

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM