ДОИМО ҚАЛБИМИЗДА ЯШАЙСИЗ

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Қутлуғ сана арафасида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш мақсадида тадбирлар уюштирилмоқда.

Жумладан, шаҳар ҳокимлиги бошчилигида Маданият бўлими, Хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ҳимоячиларига бағишланган учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказилмоқда.

Куни кеча шаҳримиздаги мотамсаро она майдони ҳар қачонгиданда гавжум бўлди. Бу ерга корхона ва муассасалар, маҳаллалар, ҳарбийлар, ўқувчи ёшлар ва кенг жамоатчилик ташриф бурди.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими М.Хашимов барчани 9 май –Хотира ва Қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан табриклади.

-Қонли жангларда Ўзбекистондан 1,5 миллиондан ортиқ киши урушда қатнашган. Улардан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлган –дейди,- М. Хашимов,- Ўзбек халқи уруш йилларида чинакам матонат кўрсатган. Фронт ортидаги ватандошларимизнинг ҳам хизматлари чинакам қаҳрамонликдир. Оғир дамларда Ўзбекистонга бир миллионга яқин киши эвакуация қилинган бўлиб, кўплаб ўзбек оилалари уларни, айниқса етим болаларни ўз бағрига қабул қилган. Жумладан ҳамшаҳримиз Хамид Самадовлар оиласи 12 нафар болани ўз оиласи бағрига олган.

Ҳоким маърузасидан сўнг шаҳар маданият бўлими томонидан тайёрланган саҳнада кўриниши намойиш этилди.

 Ўша даврнинг машҳур сухандони Юрий Левитаннинг уруш бошлангани тўғрисидаги овози янграйди. Йигитлар ўз оилалари, рафиқалари билан хайрлашиб урушга отланади. Саҳнада Иккинчи жаҳон уруши воқеалари тасвирланади.Қисқа инсценирова орқали уруш йилларида ўзбек оилаларининг бошидан ўтган даҳшатли воқеалар, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг қувончли онлари акс эттирилди.

Шундан сўнг оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими бошланиб кетди. Тантанали маросимдан сўнг Қардошлик қабристонида хотира тадбирлари бўлиб ўтди. Уруш йилларида халқимиз кўрсатган жасорат, жангдан қайтмаган юзлаб ҳамшаҳарларимиз, мустақиллик йилларида Ватанни ҳимоя қилиб шаҳид бўлган қаҳрамонларимизнинг муқаддас хотираси ёд этилди.

–Инсон хотира билан тирик, – дейди, тадбир иштирокчиси, нуроний отахон Даврон Хайдаров. – Уруш йилларининг даҳшатли дақиқалари фақат хотираларимиздагина қолсин. Бугунги тинчлик ва осойишта ҳаётмизга кўз тегмасин!

Ҳақиқатдан ҳам минглаб ота-боболаримиз шаҳид бўлган уруш, Ватан остонасини ҳимоя қилиш чоғида вафот этган аскарларимизнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган даҳшатли теракт ҳодисалари бошқа такрорланмасин. Ёш авлод ўтганларнинг қаҳрамонликларини унутмайди.

Ватан ҳимоячилари ёрқин хотираси қалбимизда абадий яшайди.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM