БАРЧА ҚУЛАЙЛИКЛАРГА ЭГА

Шаҳримиз аҳолисига узоқ йиллар давомида хизмат қилиб келган туғруқ бўлими ўрнига бугун янги шинам ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий кўринишдаги туғруқ бўлими қад ростлади. Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасида инвестиция дастури асосида қуриб битказилиб фойдаланишга топширилган ушбу 100 ўринли бўлимда 20 ўринли  ҳомилалар патологияси, 20 ўринли гинекология, 10 ўринли хаста чақалоқлар ва 50 ўринли тўғруқ бўлимлари жойлаштирилган.

Бугун  Наврўз умумхалқ  байрами арафасида  ана шу туғруқ бўлимининг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Унга шаҳар ҳокимлиги ва маҳаллалар, жамоат ташкилотларидан вакиллар таклиф этилдилар. Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов барчани Наврўз байрами билан муборакбод этди ва янги туғруқ бўлимини яна узоқ йиллар шаҳримиз аҳолисига муносиб хизмат қилишини ва бу борада олиб борилаётган ишлар, албатта, аҳоли саломатлигини сақлаш, мамлакат тараққиёти йўлида хизмат қилувчи баркамол ва соғлом ёшларни дунёга келтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси эканлигини таъкидлади.

“Туғруқ бўлимимиз оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, соғлом ва баркамол авлодни дунёга келтириш, оналар ва болалар ўлимини олдини олиш мақсадида  замонавий Саломатлик 2,-3лойиҳалари асосида тиббий жиҳозлар билан жиҳозланди. Бўлимда олий малакали акушер гнеколог, доялар,  малакали мутахассислар фаолият олиб боришади. Оналик ва болаликни мухофаза қилиш, уларга кўрсатилаётган хизматни янги босқичга олиб чиқиш, сифатли перинатал ёрдам кўрсатиш, ҳомиладорликни эрта босқичларда скренинг текширувидан ўтказиш ва хавфли гуруҳдаги ҳомиладорларга шошилинч малакали ёрдам кўрсатиш учун бўлимда барча имкониятлар мавжуд. Мана шундай қулайликларга эга бўлган тиббиёт масканларида ишлаш биз тиббиёт ходимларига ҳам завқ  бағишлайди ва келгусида  янада ўз устимизда ишлаб соғлом ва баркамол авлодни дунёга келтиришга муносиб ҳисса қўшишга ундайди”,-дейди биз билан суҳбатда шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Шоира Нуруллаева

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM