МАРХАБО НАВРЎЗ!

Юртимиз бўйлаб баҳор элчиси, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни ўзида мужассам этган Наврўз байрами кенг нишонланди. Шаҳримизда ҳам ана шу байрамни муносиб нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрилди. Шаҳар ҳудуди бўйлаб кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошрилди.  

Байрам тадбирларининг асосий қисми ўтказилиши режалаштирилган “Дўстлик” ўйингоҳига эрта тонгдан ҳамшаҳарларимиз ташриф буюрдилар. Байрамга оид плакатлар, байрам гуллари, миллий сўзаналаримиз билан безатилган ўйнгоҳда Наврўз таровати яққол сезилиб турибди. Барчанинг юзида шукроналик, байрам шукуҳи акс этган.

Байрамга ташриф буюрган шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов тадбир қатнашчиларини байрам билан қутлар экан, ҳар бир хонадонга тинчлик, омонлик, оилавий бахт, тўкинлик тилади.

Байрам дастурхонига тортиш учун тайёрланган миллий таомларимиз ҳалиса, сумалаклар, халқ амалий санъати, касаначилик, ҳунармандчилик кўргазмалари ва миллий ўйинларимизнинг намойиши байрам қатнашчиларининг дилларини янада хушнуд қилди. Шаҳримиздаги маҳаллалар, муассасалар, корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган вакиллар ҳам байрамни янада кўтаринки руҳда ўтишига ҳисса қўшдилар.

Айниқса, шаҳар маданият бўлими, драма театри, коллеж, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг ва фольклор жамоаларнинг байрам чиқишлари, мушоиралар, турли мусобақалар, кўргазмали чиқишлар барчага манзур бўлди.

Албатта бу йилги қизғин ва кўтаринки руҳда нишонланган Наврўз байрами умумхалқ сайли ҳам ҳамшаҳарларимизнинг қалбида чуқур из қолдиради.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM