НАВРЎЗГА ТАЙЁРГАРЛИК АВЖИДА

Яқинда юртимиз бўйлаб баҳор элчиси, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни ўзида мужассам этган Наврўз байрами кенг нишонланади. Шаҳримизда ҳам ана шу байрамни муносиб нишонлаш учун тайёргарлик авжида. Жумладан, байрам тадбирларининг асосий қисми ўтказилиши режалаштирилган “Дўстлик” ўйингоҳи байрамга оид плакатлар, байрам гуллари, миллий сўзаналаримиз билан безатилди. Байрам дастурхонига тортиш учун миллий таомларимиз ҳалиса, сумалаклар пиширилмоқда. Халқ амалий санъати, касаначилик, ҳунармандчилик кўргазмаларини намойиш этиш ва миллий ўйинларимизни ўйнаш учун жой ҳозирланмоқда.

Шаҳримиздаги маҳаллалар, муассасалар, корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган вакиллар ҳам кўтаринки руҳда байрамга тайёргарлик кўришмоқда. Байрам сайллари давом этадиган шаҳримиздаги истироҳат боғида ҳам тайёргарлик қизғин. Байрам дастурида шаҳар маданият бўлими, драма театри, коллеж, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг ва фольклор жамоаларнинг байрам чиқишлари кутилмоқда. Албатта буларнинг барчаси Наврўз байрамини умумхалқ сайлини муносиб ўтказиш  ва байрам тантаналарида шаҳримиз фуқароларининг фаол  иштирок этишлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир.  

Ўйлаймизки бу йилги байрам дастури ҳам қизғин ва кўтаринки руҳда нишонланади ва шаҳримиз фуқароларининг қалбида чуқур из қолдиради.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM