Шаҳар ҳокимлиги девонхонаси

Девонхона мудири

Девонхона фаолиятини ташкил этади ва раҳбарлик қилади. Тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ иш юритиш ва архив ишларини ташкил этишни таъминлайди, тушадиган хат-хабарларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш, тақсимлаш ва мансублигига кўра юборишни, чиқувчи хат-хабарларни қабул қилиш ва жўнатишни ташкил қилади.

Ҳокимликда иш юритиш, ҳужжатларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва тақсимлашни ташкил этади. Шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон ҳамда 1999 йил
29 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сон қарорлари, шунингдек, шаҳар ҳокимлигида иш юритиш тартиби асосида иш юритиш қўлланмаси, тавсия ва йўриқномалари асосида иш юритишни таъминлайди.

Шаҳар ҳокими аппарати архивининг иш фаолиятини назорат қилиб боради. Таркибий бўлинмалар томонидан ҳужжатлар номенклатурасига амал қилинишини ўрганиб боради ва амалий ёрдам беради.

Шаҳар ҳокимлиги таркибий бўлинмалари билан иш юритиш юзасидан муносабат юритади. Ташкилотларда иш юритиш аҳволини ўрганади ва амалий ёрдам кўрсатади.

Девонхона мудири шаҳар ҳокимининг тезкор топшириқлари ижросини ташкил этади, иш хонасида жиҳозларнинг сақланишини таъминлайди.

Шаҳар ҳокимининг қарор ва фармойишлари лойиҳалари тайёрланишини пухта таҳлил қилинганлиги ҳамда тегишли масъуллар томонидан виза қўйилганлигини кўриб чиқиб, шаҳар ҳокимига киритилишини таъминлайди, ҳоким имзосидан кейин расмийлаштиради ва қарор, фармойишни тайёрлаган бўлинма масъул ходими томонидан жўнатиш варақасида кўрсатилган нусха сонига кўра нусха олишга рухсат беради ҳамда ижрочиларга етказилишини ташкил этади.

Ҳокимнинг қарор ва фармойишлари ҳамда ҳокимлик девонига келган ҳужжатларни муқовалашга тайёрлайди, тўлиқлигига қараб муқовалаштиришни ташкил этади ва назорат олиб боради.

Девонхона масъул ходимлари иш фаолиятини вазифалар тақсимоти бўйича мувофиқлаштиради ва фаолиятини таҳлил этиб боради, тегишли таклиф ва хулосаларини раҳбариятга билдиради.

Шаҳар ҳокимининг қарор, фармойишлари, ҳокимликнинг чиқиш ҳужжатлари ва йиғилиш баённомаларини ижрочи томонидан берилган жўнатиш варақаси асосида нусха кўпайтириб олишга ҳамда архив ҳужжатларини олиш ва фойдаланишни тегишли соҳа бўйича ҳоким ўринбосарининг ёзма рухсати асосида ҳужжатларнинг асл нусхасини тақдим этишни фақат шаҳар ҳокимининг аниқ кўрсатмасига кўра амалга оширади.

Ҳокимлик аппаратига ишга қабул қилинган ходимларни ҳокимлик тузилмаси, иш юритиш йўриқномаси ва ижрони назорат қилиш ва текшириш бўйича асосий қоидалар, ички меҳнат тартиби қоидалари ва ҳокимлик фаолиятини тартибга солувчи бошқа меъёрий ҳужжатлар билан таништиради.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ва ҳокимнинг ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш, расмийлаштириш, кўпайтиришни ва шу жумладан электрон почта орқали жўнатишни таъминлайди.

Шаҳар ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари раислигида бўлиб ўтган йиғилишлар баённомаларини рўйхатдан ўтказади ва уларнинг сақланишини таъминлайди.

Юқори органлардан келган ҳужжатларни муҳимлиги аниқ муддатлари кўрсатилган ҳужжатлар ҳамда шаҳар ҳокимининг топшириқ кўрсатмаларига қараб ҳужжатларни назоратга олади ва йўриқномада кўрсатилган тартибда
“Н” белгисини қўяди.

Девонхонада шаҳар ташкилотларида девонхона ходимларига (мудирларига) амалий ёрдам ва семинарлар ташкил этади.

 “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ равишда шаҳар ҳокимлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб боради.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарларига юборилган ариза, таклиф ёки шикоятларини шаҳар ҳокимлигининг девонхонаси орқали рўйхатга олинишини таъминлайди.

Барча ёзма мурожаатларни мазмунидан келиб чиққан ҳолда ижро этувчига шаҳар ҳокими ёки биринчи ўринбосари номидан унинг йўналтирувчи хатини тайёрлаб имзо учун киритади.

Шаҳар ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари томонидан имзоланган топшириқ билан бирга мурожаатларни ижрочиларга электрон ҳужжатлар айланмаси орқали жўнатади ёки шахсан топширади.

Мурожаатларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ижро этилганлиги ҳақидаги жавоб хатларини талаб қилиб олади ва ижроси таъминланган мурожаатларни шаҳар ҳокимига ва ҳоким ўринбосарларига киритиб мурожаатни назоратдан чиқариш юзасидан кўрсатмасини олади ҳамда назоратдан чиқаради.

Юқори органлардан ижро этиш учун юборилган мурожатларни алоҳида рўйхатга олади ва қонун билан белгиланган муддатларда ижро этилиши ҳамда жавоб хатларини олиб мурожаат ижроси ҳақида юқори ташкилотларга маълумот берилишини назорат қилиб боради.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашда шаҳар ҳокимлигининг раҳбар ходимлари, шаҳар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки мурожаатларини рўйхатга олиб боради ва уларнинг ижро этилишини назорат қилади.

Ҳокимнинг ёрдамчиси ва ҳоким ўринбосарларининг мутахассислари билан биргаликда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқишни ташкил қилади.

Шаҳар ҳокими ҳамда унинг ўринбосарлари томонидан ўтказиладиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қабулларини ташкил этади ва мурожаатларни ижро этиш юзасидан шаҳар ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари томонидан берилган топшириқларни тегишли раҳбар-ходимлар билан биргаликда ижро этилишини таъминлайди.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари (оғзаки, ёзма ёки электрон) юзасидан ҳисоботлар олиб боради ва таҳлиллар тайёрлайди ҳамда ҳисоботларни юқори органлар ва шаҳар ҳокимига белгиланган муддатларда тақдим этиб боради.

Йўриқномага асосан махфий ҳужжатлар иш юритишини мустақил олиб боради ва хизмат доирасида фойдаланиш учун ҳамда хукумат телеграммаларини расмийлаштириш, ижросини таъминлаш, ижрочиларга тўғри ва белгиланган тартиб асосида етказиш ҳамда сақланиши учун шахсан жавоб беради.

Махфийлик режимини ва давлат сирлари ҳисобланадиган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ҳимоя қилишни таъминлайди.

Йўриқнома талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда махфий ҳужжатлар билан иш юритишни олиб боради ва ижросини таъминлайди.

Лавозимлар номенклатурасига асосан шаҳар ҳокимлиги масъул ходимларини махфий ҳужжатлар билан ишлашга рухсатнома олиш учун ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштиради.

Шифр алоқадан олинган махфий ҳукумат телеграммаларини расмийлаштиради ва ижроси бўйича назорат олиб боради.

Ўзига юклатилган вазифа ва топшириқларни ижросини таъминлаш ва назорат қилиш учун масъулдир.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM