МУҲАББАТ ДЕГАН ТОМОНЛАРДА

Каттақўрғонлик ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Эркатош Шукурованинг янги ижод намунаси ана шундай номланди.  Бугун шаҳар Драма театрида бўлиб ўтган ижодий кеча шоиранинг ушбу китоби тақдимоти ҳамда қутлуғ кунига бағишланди.

Кечага шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Рахманова, ижодкорлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва шоиранинг шогирдлари иштирок этди.

Ижодий кечада сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Каттақўрғон шаҳрининг зиёли шаҳар эканлиги, бу ердан ўзига хос бўлган ижод мактаби мавжудлигини, жуда кўплаб ўз замонасининг қаҳрамонлари, шоир ва ёзувчилар етишиб чиққанлигини алоҳида таъкидлади ва ушбу ижод мактабининг ёрқин намоёндаларидан бири бўлган шоира Эркатош Шукурованинг ҳаёти ва ижодига тўхталди.

Эркатош Шукурова серқирра ижодкор, журналист, шоира, драматург ва тарғиботчи сифатида шаҳар аҳолиси орасида алоҳида ҳурмат ва эътибор қозонган. Ўзининг ижодий ва меҳнат фаолияти билан шаҳримиз ижодий муҳитини янада бойитишга аҳоли хусусан ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантиришда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шоиранинг “Кўкламга нома”, “Қомади шамшодим”, “Ишқли дунё”, “Каттақўрғон илҳомлари”, “Соғинч ранги” ва бошқа шеърий тўпламларини мухлислари севиб ўқийдилар,-дея шаҳар ҳокими шоиранинг келгусидаги ижодига муваффақият тилади.

Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Рахманова ижодкорни китоб тақдимоти ҳамда қутлуғ куни билан  муборакбод этди ва вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг каттақўрғонлик хонандалар томонидан шоиранинг шеърларига басталанган куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Кеча қаҳрамони, шоир Эркатош Шукурова сўз олди ва янги шеърини тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этди.

 

Бир пиёла чой устида давом этган тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Тошпулат Тугалов ва бошқа ижодкорлар иштирок этдилар ва шоирани муборакбод этдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати  

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM