Солиқ соҳасида янгиликлар ва Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “ Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги 2022 йил 7 июлдаги ПҚ-311-сонли қарорига асосан Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, республикада йўловчи ташиш транспорти тизимини ривожлантириш, ушбу йўналишда кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, ишсизликни қисқартириш ҳамда транспорт хизматлари бозорини ривожлантириш мақсадида:

1. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилиши.

2. Белгиланганки:

а) электрон шаклда расмийлаштирилган автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани (кейинги ўринларда — электрон ишончнома) нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди;

б) электрон ишончнома расмийлаштирганлик учун давлат божи унинг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда ишончномани нотариал тасдиқлаш учун ўрнатилган давлат божига нисбатан қуйидаги фоизларда ундирилади:

бир ойгача бўлган муддатга — 10 фоиз;

олти ойгача бўлган муддатга — 50 фоиз;

уч йилгача бўлган муддатга — 100 фоиз.

в) электрон ишончнома мавжудлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан мобил қурилмалар орқали текширилади;

г) электрон шаклда расмийлаштирилмаган автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларга нисбатан амалдаги нотариал тасдиқлаш тартиби сақлаб қолинади.

3. Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахсларнинг икки йилда бир марта мажбурий малакасини ошириш талаби бекор қилинди.

4. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролар ва йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар ўртасида тузиладиган транспорт воситаси ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинсин ҳамда уларни давлат солиқ хизмати органлари ахборот тизимлари орқали электрон тарзда ҳисобга олиш тизими жорий этилди.

5. 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охирига қадар шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади;

ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти лицензия варақасига асосан амалга оширилади;

лицензия варақаси беришда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади;

йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти билан шуғулланадиган ўзини ўзи банд қилган шахслар (кейинги ўринларда — ўзини ўзи банд қилган ташувчилар) бир йилда бир маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиши шарт;

ўзини ўзи банд қилган ташувчилар «Uztrans» ахборот тизими базасига киритилган кўп тармоқли поликлиникалар ва хусусий тиббиёт муассасалари орқали бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиши шарт;

йўналишсиз такси фаолияти учун лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи барча турдаги ташувчилардан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида ундирилади. Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди;

йўналишсиз такси хизмати фаолиятига рухсат берувчи лицензия варақаларида фаолият ҳудуди акс эттирилади;

ўзини ўзи банд қилган ташувчиларнинг автомобиль транспорти том қисмига «TAXI» таниш белгили тўқсариқ рангли фонарь ўрнатилади;

бошқа соҳаларда меҳнат шартномасига асосан банд бўлган шахслар бир вақтнинг ўзида йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти билан ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда шуғулланишлари мумкинлиги белгилаб ўтилган.

 

             Айни пайтда мунтазам равишда тадбиркорлар билан турли очиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил этилмоқда, муаммолар ўрганилиб ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун муҳим бўлган қатор йўналишларни белгилаб олган ҳолда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Хусусан, “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили доирасида шу кунгача 831 та тадбиркорлик субъектлари ўрганилди. Шундан 688 тасига кўмаклашиш зарурлиги аниқланди.

 

Жумладан, дастлабки бухгалтерияни юритишда 88 та, солиқ қарзи тўғрисида маълумот беришда 19 та, солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартиблари бўйича тушунча беришда 83 та, E-ijara ААТ бўйича тушунча бериш ва ундан қандай фойдаланиш бўйича 144 та, 18061,3 млн. сўмлик ҚҚС солиғидаги мавжуд ортиқча тўловни қайтаришда 35 та, 292,2 млн. сўмлик бошқа солиқ турларидаги ортиқча тўлов суммасини қайтаришда 56 та, 1097,9 млн.сўмга Солиқ қарзини муддатини узайтиришда 1 та тадбиркорлик субъектига кўмаклашилди.

Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари тадбиркорга маслаҳатчи, кўмакчи ва яқин ҳамкор сифатида ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Тадбиркорлар ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан 66-455-30-03 (Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шўъбаси) рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.

 

 

Азизбек Омонов, шаҳар ДСИ

“Тадбиркорликни қўллаб-қўвватлаш шўъбаси бошлиғи

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM