ГАВҲАР АЛИМОВА МУВАФФАҚИЯТЛАРИДА ЖУРНАЛИСТЛАРНИ ЎРНИ АЛОҲИДА ЭКАНЛИГИНИ ТАЪКИДЛАДИ

Бугун жамият ҳаётини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Зеро, улар ўзларининг фаолликлари ва тезкорликлари билан бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмуни, ўзгаришлар, барча соҳалардаги бунёдкорлик ишлари ҳақида аҳолига холис ва ҳаққоний ахборотларни етказмоқдалар.

Соҳа вакиллари касб байрамлари муносабати билан Каттақўрғон шаҳри оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тадбир шаҳар ҳокимининг ташаббусига кўра веломарафон билан бошланди. 

Шаҳар ҳокими Г.Алимова иштирокида каттақўрғонлик журналистлар, блогер ва матбуот котиблари, идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокидаги веломарафон Амир Темур кўчаси бўйлаб шаҳар дарвозасидан бошланиб, марказий ўйингоҳга қадар давом этди.

Шу куни каттақўрғонлик матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун шаҳримиздаги  2 сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова соҳа ходимларини қизғин муборакбод этар экан, ҳар бир раҳбар ўз ишини матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ҳамкорликда олиб боришини, Президентимиз таъкидлаганидек, матбуотдан қочиш эмас, у билан бирга ишлаш керак, -деди. Шунингдек, шаҳар ҳокими ўз фаолияти давомидаги муваффақиятларида журналистларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.

Тадбир шаҳар ҳаёти ва барча соҳалардаги ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш борасидаги самарали фаолиятлари билан жонбозлик кўрсатиб келаётган соҳа ходимларига эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг шаҳар матбуоти ва оммавий ахборот воситаларига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Шунингдек, тадбирда шаҳар матбуоти ва ижодий муҳитида ўзининг ўткир қалами, кескир сўзи ва долзарб мақолалари билан муносиб ўринга эга бўлган, бугун орамизда бўлмаган Асқар Жалилов, Ғайрат Шукуров, Нафас Дўсанов, Абдуазиз Ҳошимов ва Азим Қодировларнинг ҳам хотиралари ёдга олинди.

-  Дадам ҳаётини шу соҳага бағишлаган эдилар. Биз ҳам ана шундай ижодий муҳитда катта бўлдик. Ҳар бир ёзган мақолалари, хабарларидаги воқеаларни юракдан ҳис қилган ҳолда чиқарардилар. Бугун жудаям хурсанд бўлдик, мана шу тадбирда иштирок этганимиздан, дадамни хизматлари эътироф этилганидан, дейди – журналист Азим Қодировнинг фарзанди Дилшода Қодирова.  

Ҳокимлик фаолияти ва шаҳар ҳаёти билан боғлиқ янгиликларни кенг жамоатчиликка етказишда шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизматининг алоҳида ўрни бор. Шаҳар ҳокимининг эътибори ва ёрдами билан ахборот хизмати ходимларининг самарали фаолият юритишлари учун барча шароитлар яратилди. Жумладан, хабарлар ва маълумотларни етказишда тезкорликни таъминлаш мақсадида шаҳар ҳокими томонидан 84 миллион сўмлик техник жиҳозлар тақдим этилди.

Тадбир иштирокчилари шаҳар маданият бўлимининг истеъдодли хонандалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар ҳамда шаҳримиздаги ижодкорларнинг ижодларидан баҳраманд бўлдилар.

Шу куни соҳа ходимлари учун байрам дастурхони ҳам ташкил қилинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.  

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM