5 ЁШИДА МУСИҚАГА ОШНО БЎЛГАН МАЛИКА БУГУН “НИҲОЛ” МУКОФОТИ СОҲИБАСИ

Каттақўрғонлик ёш истеъдод эгаси Малика Акмалжонованинг “Ниҳол” мукофотини қўлга киритгани нафақат маданият ва санъат ихлосмандлари балки, барча каттақўрғонликлар учун муносиб совға бўлди.

Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Малика Акмалжоновани ушбу нуфузли мукофотни қўлга киритгани билан муборакбод этди. Шаҳар ҳокими ёш иқтидор эгасининг ижодий фаолиятига муваффақият тилаган ҳолда келгусида “Зулфия” мукофотини қўлга киритишига тилак билдирди.

Шунингдек, куни кеча шаҳар Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Ниҳол” мукофоти соҳибаси билан бўлиб ўтган учрашувда каттақўрғонликлар Маликанинг ижодидан ҳам баҳраманд бўлдилар.

Дастлаб сўзга чиққан шаҳар ҳокими ўринбосари Ж.Носиров Маликани муборакбод этди.

Шундан сўнг Малика ўзининг бугунги мана шундай мукофотни қўлга киритишида энг катта сабабчи деб биладиган устозлари сўзга чиқиб, унинг бугунги муваффақияти устозларининг ҳам катта ютуғи эканлигини алоҳида таъкидладилар.

- Қизимдаги санъатга бўлган қизиқишни унинг боғчадалигидаёқ сезгандим,- дейди Маликанинг онаси Саодат опа Абдурахимова. 5 ёшида уни мусиқа мактабга етаклаб борганим ҳамон ёдимда. Аввал Малика дутор чалиш бўйича сабоқ олди. Унинг устозлари Тўлғаной Тошматова, Даврон Нормуродов, Одил Бозоровлардан жудаям миннатдормиз. Қизимнинг шундай муваффақиятга эришишида уларнинг хизматлари беқиёс. Кейинчалик санъат коллежида ўқиши давомида устозлари унда опера йўналишидаги қобилияти кучли эканлигига эътибор қаратдилар. Ҳақиқатдан ҳам бугун опера йўналишда Малика шундай ютуқни қўлга киритди.

Каттақўрғонлик иқтидор эгаси томонидан жонли тарзда ижро этилган қўшиқлар, мусиқа мактабнинг ёш истеъдодларининг чиқишлари  тадбир иштирокчилари томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

Бугун Каттақўрғон ўзининг яна бир ёрқин истеъдодини кашф этди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.       

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM