Диққат танлов!!!

“Маҳалла - беш ташаббус бешиги” республика кўрик-танлови ўтказилмоқда

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг

2021 йил 22 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Маҳалла - беш ташаббус бешиги” республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича Низомга асосан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан танлов эълон қилинади.

 

Танлов шаҳарда фаолият олиб бораётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида ўтказилади.

Кўрик-танлов қуйидаги 3 та босқичда ташкил этилади:

биринчи босқич - туман ва шаҳарлар миқёсида июнь ойида;

иккинчи босқич - вилоятлар миқёсида (биринчи босқич ғолиблари ўртасида) август ойида;

учинчи босқич - Республика миқёсида иккинчи босқич ғолиблари ўртасида декабрь ойида.

Танлов ўтказишдан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборат:

     Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусни (кейинги ўринларда - беш муҳим ташаббус) халқ ҳаракатига айлантириш;

     беш муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича фаол иш олиб бораётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини моддий ва маънавий рағбатлантириш;

     маҳаллаларда ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодларини юзага чиқариш, жисмоний чиниқтириш, спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлашга доир ишлар самарадорлигини ошириш.

 

Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

“Биринчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”;

“Иккинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”;

“Учинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”;

“Тўртинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”;

“Бешинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”.

Кўрик-танлов иштирокчилари “Беш ташаббус бўйича энг намунали оила” номинацияси бўйича ҳам тақдирланишлари мумкин.

 

Танловда қатнашмоқчи бўлганлар танлов эълон қилинган кундан эътиборан 20 кун мобайнида халқ депутатлари шаҳар Кенгаши котибиятлари номига ариза берадилар.

Иштирокчилар тақдим этилган аризаларига қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

иштирокчилар тўғрисидаги умумий маълумот (мавжуд бўлса паспорти);

Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан беш муҳим ташаббус бўйича қабул қилинган тегишли ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида маълумотлар;

беш муҳим ташаббус доирасида олиб борилган фаолиятига оид материаллар (маълумотлар, ҳисоботлар, баённомалар, дастурлар, лойиҳалар, фото, альбом ва ҳоказолар);

беш муҳим ташаббусни амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилган ишларни акс эттирувчи 5 дақиқадан ошмаган видеоролик (сифати юқори, DVD форматида);

оммавий ахборот воситаларида беш муҳим ташаббусга оид чоп этилган мақолалар, телевидение ёки радиода чиқишларни асословчи ҳужжатлар.

Номзодлар танловга доир бошқа қўшимча материаллар ҳам тақдим этиши мумкин.

Аризалар тегишли ҳудуддаги халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши котибиятларига берилади.

Танловда қатнашмоқчи бўлганларнинг ҳужжатлари халқ депутатлари шаҳар Кенгаши котибиятлари томонидан жорий йил 5 июнга қадар қабул қилинади.

            Танлов ҳақида батафсил маълумот олиш учун халқ депутатлари шаҳар Кенгаши котибиятига мурожаат қилишингиз мумкин.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM