ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ СОДИР ЭТИЛИШИГА НИМАЛАР САБАБ БЎЛМОҚДА?

Куни кеча шаҳар Маҳалла марказида шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ИИБ ходимлари ва маҳалла раислари иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш Амир Темур маҳалласида фуқаролар ўртасида содир этилиган тан жароҳати олиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва унинг сабабларига бағишланди.

Жорий йилнинг 8 май куни ярим тунда Амир Темур кўчасидаги ошхонада содир этилган ҳуқуқбузарликка ошхонада ўтирган фуқароларнинг ўзаро жанжали сабаб бўлади. Ошхонада охирига етмаган жанжал орадан  бир соатларча вақт ўтиб яна давом этади ва даҳанаки жанжал оқибатида фуқаролар бир-бирларига турли даражадаги оғир тан жароҳати етказадилар.

Муҳокамада сўзги чиққан шаҳар ҳокими Г.Алимова шаҳарда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, маҳаллаларда, оилаларда олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларига қарамай бу каби ҳолатларнинг содир этилаётгани ачинарли ҳол эканлигини ва бу борадаги ишларни янада кучайтириш лозимлигини алоҳида қайд этди.   

Шунингдек, муҳокамада иштирок этган вилоят ИИБ бошлиғи Р.Маматов бу каби ҳуқуқбузарликларни олдини олишда нафақат ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар балки, маҳалладаги масъуллар ҳам масъулиятни ҳис қилган ҳолда ишлашлари лозимлигини, ҳуқуқбузарликларни олдини олмасдан туриб маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириб бўлмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, муҳокамада ҳуқуқбузарликларни содир этилишига профилактика инспекторлари томонидан жиноятларни олдини олиш борасидаги профилактик тадбирлар, ичкиликка ружу қўйган, ҳуқуқбузарликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан етарли даражада тушунтириш ишлари олиб борилмаганлиги сабаб бўлаётгани айтилди ва уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилди.

Йиғилиш сўнггида келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш ва унга йўл қўймаслик юзасидан қатъий чоралар белгилаб олинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM