ЖАҲОН БАНКИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ КАТТАҚЎРҒОНДА

Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишларнинг эътибор қаратадиган жиҳатларидан яна бири бу аҳолини ичимлик суви таъминотидаги ва оқова суви билан боғлиқ масалаларни ҳал этишдан иборат. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Жаҳон банки иштирокида 2020-2024 йилларда “Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ичимлик сув таъминоти ва оқава тизимларини яхшилаш”  лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.

Куни кеча шаҳар ҳокимлигида бўлган  Жаҳон банки делегацияси шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова билан  бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида суҳбатлашдилар.

Дастурга киритилган  “Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида ичимлик сув ҳамда оқава сув тизимларини реконструкция қилиш” лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиб, ваколатли давлат органларининг ижобий экспертиза хулосалари олинган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 66 млн. долларни ташкил қилади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 71,8 % дан 95 % га, оқава хизмати таъминоти 29,7 % дан 90 % га ошади.

Шу куни делегация аъзолари Ингичка шаҳарчасига ҳам ташриф буюрди. Ҳудуддаги 35 йилдан буён фойдаланилмай турган “Сепки” сув иншоотини кўздан кечирдилар.

Шуни таъкидлаш жоизки келгусида кўзда тутилган истиқболли инвестицион лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ушбу сув иншооти ҳам ишга тушади.

 Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM