ШАҲРИМИЗ МАҲАЛЛАЛАРИДАГИ ЁШЛАРНИНГ БУГУНГИ КУНИ МАЗМУНЛИ ЎТДИ

Бугун Каттақўрғон шаҳрида маҳаллалар кесимида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган маънавий-маърифий, спорт мусобақалари, учрашувлар, тиббий кўрик ва бошқа тадбирлар ўтказилди.

Тадбирлар эрта тонгдан ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида маҳалла ёшлари иштирокида 5000 қадам юриш марафони билан бошланди. Каттақўрғон шаҳар дарвозасидан юриш марафонини бошлаган ёшлар шаҳар ҳарбий қисмда финишга етиб келдилар. Шу ерда ёшлар соғломлаштирувчи машқларни бажардилар. Тадбирда шаҳар ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, ёшлар етакчилари, спорт бўлими, харбий қисм, СамДУ Каттақўрғон филиали, тиббиёт бирлашмаси, Халқ таълими бўлими вакиллари иштирок этдилар.

Шундан сўнг ёшларни соғломлаштириш мақсадида “Яккабоғ” маҳалласи ҳудудида жойлашган тиббиёт пунктида ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шаҳар ҳокимлиги, ДСИ бошлиғи, 4- сектор раҳбари иштирокида Тиббиёт бирлашмаси томонидан ташкил қилинган кўрик давомида мутахассислар томонидан зарурий кўрсатмалар берилди.

Бугун шунингдек, маҳаллалар ёшлари билан маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ташкил қилинди. Жумладан, шаҳар ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирокида ёшлар билан ўтказилган “Сектор раҳбари ва ёшлар учрашуви” ҳам қизиқарли ва савол-жавобларга бой бўлди.

Ёшлар шаҳар ҳокими билан самимий суҳбат давомида ўзларининг мурожаатлари билан бир қаторда таклифларини ҳам билдирдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM