КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВАНИНГ ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИК СЎЗИ

Ассалому алайкум, қадрли дўстлар, меҳнат фахрийлари!
Аввало, Сиз, азизларни Хотира ва қадрлаш куни билан муборакбод этаман.
Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз, минглаб уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларини –  довюрак ота-боболаримиз, сабр-матонатли оналаримиз, момоларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Бугун Хотира ва қадрлаш кунини нишонлар эканмиз, халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мислсиз қаҳрамонликлари ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ.  
Иккинчи жаҳон уруши каттақўрғонликлар бошига хам кўп мусибат олиб келди.
Тарихга назар солсак, урушнинг дастлабки ойларида шаҳардан минглаб фуқаролар, жумладан, “Ёғ-мой” -экстракт заводидан 600 киши, саноат корхоналаридан 507 киши, бошқа корхоналардан  1311 киши фронтга жўнаб кетган.
Уруш йилларида фашистлар вақтинча босиб олган шаҳар ва қишлоқлардан кўчириб келтирилган минглаб фуқаролар ва ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига Каттақўрғон шаҳар аҳолиси ўз уйидан жой бериб, топган-тутганини баҳам кўришган. Ярадор ва бемор жангчилар учун шаҳардаги ҳарбий шифохонадан ташқари 3-ўрта мактаб, педагогика билим юрти биноси хам бўшатиб берилади. 
Уруш туфайли етим қолганлар химояга олинади. Каттақўрғонлик Ҳамид Саматов ва Санобар Узоқова турли миллатга мансуб бўлган 13 нафар болани ўз тарбиясига олиб, ғамхўрлик қилади. 
Уруш йилларида зиёлилар ҳам бошқа меҳнат аҳли билан бир каторда бутун фаолиятини саноатга, қишлоқ хўжалигига, фронтга ёрдам беришга каратади. 
1941 йилнинг декабрида Каттақўрғонда ташкил топган 90 ўқчи  ўзбек бригадаси Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан 5 мингдан зиёд ёшларни ўқитиб иккинчи жаҳон урушига сафарбар этган. Улар орасида медицина-санитария батальонига кўнгилли бўлиб келган Саида Рўзиева, Рахима Алимова каби ўзбек қизлари ҳам бўлган. Шунингдек, шаҳар ва тумандан Рахимжон Сатторов, Файзулла Нуруллаев, Усмон Баракаев, Абдулло Саидов, Хайрулло Рахматов, Сайфулло Бахромов, Иноятулло Шукуров, Турсун Йулдошев, Рахмон Ризаев, Зубайдулло Рўзиевлар урушга сиёсий жангчи сифатида жўнатилган.
Каттақўрғон шаҳридан иккинчи жахон урушида қатнашган 15 мингдан зиёд кишининг  6400 нафари ҳалок бўлган. 15 мингдан зиёди жангларда мардонавор курашди. Шулардан 3525 нафари орден ва медаллар билан мукофотланди, 6460 киши жангларда шаҳид кетган.

Азиз дўстлар!
Бугун хотира ва қадрлаш куни арафасида шунингдек, Мустақиллик йилларида Ватан озодлиги, сарҳадларимиз тинчлигини сақлаш, миллий тараққиётимиз йўлида жонини фидо қилган ҳамшаҳарларимизни ёдга олиш, уларни хотирасига ҳурмат бажо келтириш, бугун кексалик гаштини сураётган  фахрийларни қадрлаш ва ғамхўрлик кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. 
Жумладан, Каттақўрғоннинг жасур ва мард ўғлонлари, Ватанимиз сарҳадларинини қўриқлаш чоғида шаҳид кетган Улуғбек Барноев, Бахром Эргашев ҳамда Жамшид Расуловларнинг порлоқ хотиралари хамиша  қалбимизда яшайди.
Иккинчи жаҳон урушида, Ватан ҳимояси йўлида мардларча қаҳрамонлик кўрсатган ҳамшаҳарларимизнинг номлари сира унутилмайди.
Сизга мустаҳкам соғлик, тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM