ТАШЛАНДИҚ ЖОЙ ЎРНИДА БОҒ ЯРАТИЛДИ

“Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида жуда катта ҳажмдаги кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, шу кунга қадар шаҳримизда ҳам минг-минглаб мевали ва манзарали дарахт ҳамда арча кўчатлари экилди. Маҳаллалар, хонадонлар обод бўлди. Аҳолининг уюшқоқлиги билан ташландиқ жойлар ўрнига боғлар барпо этилди.

Жумладан, яқинда шаҳримиздаги Амир Темур маҳалласи “Беклар” кўчасидаги ташландиқ жой ҳам тозаланиб, ана шундай боғлардан бири яратилди.

Ушбу хайрли ишда шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда шаҳар ФВБ вакиллари фаоллик кўрсатдилар.

Амир Темур маҳалласидаги кўп қаватли уйлар атрофидаги ушбу ҳудудга шу куни 200 дан ортиқ турли хилдаги мевали дарахтлар ўтқазилди.

Хайрли ишда иштирок этган шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Ҳ.Шодиева кўчат экиб, боғ яратиш халқимизга хос бўлган эзгу анъана эканлигини айтиб, келгусида ушбу боғ маҳалланинг энг сўлим ва севимли гўшасига айланишини таъкидлади.

Ҳа, бугун шаҳримизга кўрк бағишлайдиган мана шундай сўлим гўшалар кўпаймоқда.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати  

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM