Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда аҳоли саломатлигини асраш, уларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар бўйича шаҳар аҳлига мурожаат қилди.

Ассалому алайкум азизлар!

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан маҳалла, тураржойлар ҳудудлари, ариқ ва кўчалар бўйларига мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари, анвойи гуллар ўтқазилмоқда. Ариқ-зовурлар тозаланиб, табаррук қадамжолар, қабристонлар тартибга келтирилмоқда. Бу жараёнга барча муносиб ҳисса қўшишга интилаётгани, айниқса, қувонарлидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилди.  2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддатда дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилинди.

Бугун ташаббусни қўллаган ҳамшаҳарларимиз ҳам ушбу хайрли ишда жуда фаол иштирок этаётганликлари кишини  қувонтиради.

Кўчат экиб, боғ яратиш аслида халқимизга хос эзгу фазилат. Миллий  удумларимизга кўра, оилада ўғил бола туғилса, унга атаб ниҳол экилади. Фарзанд вояга етгунча, ёш кўчатлар улкан дарахтларга айланган. Жорий — йилда Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ушбу эзгу анъана янада кенг қулоч ёймоқда.

Дов-дарахтлар, умуман, ўсимлик дунёси гўзаллик, ризқ-насиба манбаи, айниқса, “яшил дорихона” сифатида ғоятда аҳамиятлидир. Шунинг учун кейинги йилларда ниҳолларни экишда ландшафт дизайнини яратишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Яъни, ҳар бир туп дарахт ёки бута теварак-атрофдаги бино ва иншоотлар кўринишига уйғунлашиб, яхлит манзара касб этаяпти. Энг асосийси, у атмосфера ҳавосини тозалаш, шовқин-суронни камайтиришда айни муддао бўлаётир. 

Бугун қадалаётган ниҳоллар, ҳадемай кўкка бўй чўзади. Улар ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва яхшиликнинг ифодаси ўлароқ, ҳар биримизга битмас-туганмас завқу шавқ бағишлагай. Албатта, бу эзгулик боғлари халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг юксак намунаси, жадал ривожланаётган мустақил Ватанимиз ободлиги тимсоли сифатида доимо гуркираб, яшнаб туришига ишончимиз комил.

Албатта, айни дамда шаҳримизда ҳам маҳаллаларда, кўчалар бўйларига, хонадонлар атрофига манзарали ва мевали дарахтлар, арча кўчатлари ўтқазилди. Секторлар кесимида сектор раҳбарлари бошчилигида амалга оширилаётган ушбу хайрли ишларга маҳаллалар вакиллари, идора ва ташкилотлар, айниқса аҳоли жуда уюшқоқлик билан иштирок этмоқда.

Азиз ҳамшаҳарлар!

Динимизда ҳам  кўчат экишнинг сифатлари  улуғланган.: “Агар бир муслим банда кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади”, дея ривоят қилинади.

Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилишнинг фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Бундан ташқари, ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади,

Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан яна бири шуки, дунёда солиҳ амаллар қилган мўъмин бандага жаннатда унинг учун мукофот тарзида дарахт экилишидир.

Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи, ўша дарахт вақт ўтиб, ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан.

Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда бундай ишлар қадрланади.

Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан. Шундай экан, биз ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Ўз фуқароларининг саломатлигини муҳофаза қилиш-ҳар қайси давлатнинг биринчи галдаги ва долзарб вазифаси ҳисобланади. Шу боисдан ҳам мамлакатимиздаги туб янгиланишлар ижтимоий ҳаётнинг муҳим йўналишлари бўлган тинчлик ва осойишталикни сақлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдан бошлангани бежиз эмас. Чунки соғлик ва тинчлик инсон учун энг улуғ ва ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас неъматдир.

Ўтган даврда мамлакатимизда бу борада зарур чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон асосида 2019 – 2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда дастурнинг тасдиқланиши бирламчи тиббий санитария ҳамда шошилинч ва тез ёрдам бўғинидан, юқори тузилмаларигача иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни инсон омилига қаратиш, тиббий хизматларнинг турларини кенгайтириш ва сифатини халқаро талаблар даражасига етказиш борасида янги имкониятларни яратиб бермоқда десак муболаға бўлмайди.

Ҳар доим ҳам касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олишнинг аҳамият юқори бўлган. Шу мақсадда бугун мамлакатимизда профилактик тиббиёт ривожига аҳамият қаратилмоқда.

Репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича миллий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида болалар даволаш муассасаларида илгари мавжуд бўлмаган неонатал хирургия, кардиохирургия, инвазив хирургия, қизлар гинекологияси каби янги бўлимларда мураккаб даволаш амалиётлари ўтказилмоқда. Булар юртимизда хотин-қизлар соғлиғини мустаҳкамлаш, оналар ва гўдаклар ўлимининг кескин камайишида муҳим омил бўлмоқда. Патронаж хизмати янгича асосда йўлга қўйилди. Ҳамшираларнинг уйма-уй юриб, ҳар бир шахснинг саломатлигини пухта ўрганишлари туфайли касалликларнинг олдини олиш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш борасида салмоқли ютуқларга эришилмоқда.

Бугун шаҳримизда ҳам 90 минг аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Барча қулайликларга эга бўлган замонавий тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган шаҳар Тиббиёт бирашмаси ўзининг 1000 дан ортиқ малакали ходимлари билан аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида самарали фаолият юритмоқда.

Жорий йилда соғлиқни сақлаш вазирлигининг ёрдами билан жарроҳлик лапораскопик аппаратнинг берилиши бу шаҳримиз фуқароларининг вилоят ёки республикага бормасдан шу ернинг ўзида даволаниш имконини яратди. Шаҳримиз ва қўшни туманлар аҳолисига хизмат қилувчи гемодиализ маркази хизмат кўрсатмоқда.

Албатта, бу каби ишлар шаҳримиз аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатиш ва аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган. 

Азиз каттақўрғонликлар!

Юқорида таъкидлаганимдек, бугун долзарб 40 кунлик доирасида шаҳримиздаги жуда кўплаб маҳаллаларда, таълим муассасалари, хонадонлар, кўчаларнинг атрофларида кенг кўламдаги дарахт кўчатлари ўтқазиш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Лекин, бу борада ҳали қилинадиган ишларимиз кўп.

Шу ўринда шаҳримизни янада обод ва кўкаламзорлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз самарадорлигини ошириш мақсадида қуйидаги бир қатор ишларни  ўзимизнинг асосий кундалик  вазифамизга айлантиршимиз лозим деб ўйлайман. 

Жумладан;

-шаҳримизда “Обод маҳалла” дастури ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этиш;

-шаҳар аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида хиёбонлар ташкил этиш;

-манзарали ва мевали, дарахтлар, арча кўчатларини экиш, уларни парвариш қилиш бўйича ишларни жадаллаштириш;

-маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш;

-фуқароларни бу борадаги санитария қоидаларига риоя қилиш, ушбу масалада эътиборли бўлишларини таъминлаш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш;

-мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида хонадонлар, кўп қаватли уйлар атрофини хазонлардан тозалаш, тўпланиб қолган маиший ва бошқа турдаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетилишида назорат ишларини кучайтириш;

-шаҳримиздаги барча корхона, идора ва ташкилотларнинг ўз ички ҳудудлари ва туташ ҳудудда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экиш, мавжуд дарахтларни парваришлаш, шакл бериш ишларига вақт ажратиш;

- шаҳарни кўкаламзорлаштириш мақсадида экилаётган гуллар, арча, дарахт кўчатларини парваришлаш, атроф-муҳитга дўстона муносабатда бўлиш ва ушбу ишларни бажараётган ҳамшаҳарларимизнинг меҳнатларини қадрлаш.

Ўйлайманки, шаҳримиз аҳолиси бу саъй-ҳаракатларга бефарқ бўлмайдилар. Яна бир бор мен барча каттақўрғонликларни ушбу хайрли ишга янада фаоллик ва уюшқоқлик билан қатнашишга чақираман. Сиз ушбу ҳаракатингиз билан нафақат хонадонингиз, маҳаллангиз балки, атрофингизни, шаҳримизни  янада обод ва кўркам бўлишига муносиб ҳисса қўшган бўласиз.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM