СЕССИЯДА СЕКТОР РАҲБАРЛАРИ ҲИСОБОТ БЕРДИ

Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг қирқ учинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, депутатлар тегишли идора ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сессия кун тартибидаги 9 та масала муҳокама қилинди.

Дастлаб кун тартибидаги биринчи масала яъни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 8 августдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4102-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан секторлар кесимида олиб борилган ишлар бўйича сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Шундан сўнг шаҳар аҳолисини куз-қиш мавсумида узлуксиз электр-энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи И.Тўйчиев ҳамда шаҳар газ таъминоти бўлими бошлиғи Ш.Абдусаломовлар ҳисобот бердилар.

Навбатдаги масала юзасидан, яъни шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари А.Убайдуллаев Ички ишлар бўлими томонидан шаҳар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликни олдини олишда амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.

Сессия давомида шаҳарда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни бузилишини олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи А.Алимовнинг ҳамда Ички ишлар бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида гуруҳ катта мутахассиси капитан И.Самандаровнинг ҳисоботи депутатлар эътиборига ҳавола қилинди.

 

 

Шунингдек, депутатлар сессия кун тартибига киритилган Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2021 йил 29 октябрдаги “Каттақўрғон шаҳрининг 2021 йил 4-чорак маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатларини баланслилигини бузмаган ҳолда кўпайтириш тўғрисида”ги VI-42-62-7-106-K/21-сонли қарорига ўзгартириш киритиш, депутатлик ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгаши депутатлигига бўшаб қолган ўринга депутат сайлови кунини белгилаш ҳамда сайловларни ўтказиш ҳамда Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи шаҳар сайлов комиссиясини тузиш тўғрисидаги масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM