ҲАҚИҚИЙ ЛИДЕР ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

Куни кеча мамлакатимиз тараққиёти билан боғлиқ бўлган йирик сиёсий жараён, яъни президентлик сайлови бўлиб ўтди. Ватанимиз ҳамда ўз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳамюртларимиз, ҳамшаҳарларимиз тадбирда жуда фаол иштирок этдилар.  

Айниқса келажагимиз бўлган ёшлар сайловнинг фаол иштирокчиси бўлиб, яна бир бор ўз  ташаббусларини кўрсатдилар. Каттақўрғонликлар ҳам Ватанимиз тараққиёти, илм-фан ривожи, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари учун, янги ислоҳотлар учун муносиб номзодга овоз бердилар.

Бугун каттақўрғонлик ёшлар, фахрийлар, турли соҳа вакиллари сайлов натижалари юзасидан бўлиб ўтган матбуот анжуманини катта қизиқиш билан кузатиб бордилар.

Ниҳоят Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида 80,1 фоиз овоз билан ғалаба қозонганлигини эълон қилди.

Ҳақиқий лидернинг муносиб ғалабасини каттақўрғонликлар катта шодиёна билан қарши олдилар. Айниқса сайловда илк бор иштирок этиб ўз овозлари билан ғалабага ҳисса қўшган ёшларнинг қувончлари чексиз бўлди.

Каттақўрғонлик бир гуруҳ ёшлар ташаббуси билан концерт бўлиб ўтди. Унда маҳаллалар, мактаблар ва Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали ёшлари фаол иштирок этдилар.

Шаҳар маданият бўлими санъаткорлари томонидан ижро этилаётган куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача кўтаринкилик бахш этди.   

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM