Қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун қандай жазо чоралари белгиланган?

Маълумки, Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисмига биноан, соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун агар ўша ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик белгиланган. Яъни мазкур жиноят базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма беш бараваригача (айни пайтда 1.350.000 сўмдан 6.750.000 сўмгача) жарима солишга ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишга сабаб бўлади.

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, қасддан баданга шикаст етказиш деганда, инсон органлари ёки организми тўқималари анатомик тўкислиги ёки улар физиологик функциясининг ташқи таъсир оқибатида бузилиши тушунилмоғи керак. Бу ҳаракатнинг хусусияти ва оғирлик даражасини аниқлаш, одатда, тиббиёт органлари ваколатига тааллуқли бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган. Баданга етказилган шикастнинг оғирлигини суд-тиббий йўсинда белгилаш орқали амалга оширилади. Шу боис баданга шикаст етказилган ҳар бир ҳолатда Жиноят процессуал кодексининг 173-моддаси 1-қисми 1-банди талабига мувофиқ, суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиши ва ўтказилиши шарт. Экспертиза хулосаси эса суд томонидан қайд этилган қоидалар ва ишнинг бошқа материаллари асосида баҳоланади.

Соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган шикастларга унча аҳамиятли бўлмаган, олти кундан ортиқ муддатга чўзилмаган тез ўтиб кетадиган шикастлар тааллуқли. Бундай шикастларга яралар, доғлар, қон оқишлар ва ҳоказолар киради. Ушбу модда бўйича жавобгарликнинг муқаррарлиги шарти Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида баданга иккинчи маротаба енгил шикаст етказишдан иборатдир. Объектив томондан шарҳланаётган жиноят фаол ҳаракатлар билан изоҳланади. Бундай жиноятларнинг аксарият учрайдигани жисмоний калтакланиш ва зарбалардир. Инсон баданига қўл, оёқ ёки бирор-бир буюм билан бир маротаба таъсир этиш орқали етказилган жисмоний зарар зарба дея баҳоланади. Жабрланувчининг баданига бир вақтнинг ўзида кўплаб зарба берилиши эса дўппослаш саналади.

Агар айбдорнинг ҳаракатлари жабрланувчининг баданига соғлиғининг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлса, Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жавобгарликни келтириб чиқаради. Модда санкциясига мувофиқ, айни ҳаракат базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда (6.750.000 сўмдан 13.500.000 сўмгача) жарима солишга, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга сабаб бўлади.

Меҳнат қобилиятини унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотиш эса умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоизидан кўпини йўқотмасликдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2007 йил 27 июндаги “Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 24-бандида, баданга қасддан, соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига сабаб бўлмаган даражада енгил шикаст етказганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилангани, баданга қасддан бундай шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарлик, фақат у шундай қилмиш учун шахсга нисбатан маъмурий жазо маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор кучга кирган кундан бошлаб бир йил ичида такроран содир этилган (Жиноят кодекси 109-моддасининг биринчи қисми) ёки соғлиқнинг қисқа вақт давомида ёмонлашувига сабаб бўлган (Жиноят кодекси 109-моддасининг иккинчи қисми) ҳолдагина келиб чиқиши ҳақида тушунтириш берилган.

Агар фикримизни рақамлар мисолида давом эттирадиган бўлсак, жорий йилнинг 8 ойи давомида жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан қасддан баданга енгил шикаст етказишда айбланган 7 нафар шахсга нисбатан 7 та жиноят ишлари кўриб чиқилди. Шундан 1 нафарига нисбатан айблов ҳукми чиқарилган. Ёхуд 6 нафар шахсга тааллуқли 6 та жиноят иши эса тарафлар ярашганлиги муносабати билан айблилик масаласи ҳал қилинмай тугатилган.

Хулоса ўрнида айтганда, айрим ҳамюртларимиз жиноятнинг номига қараб унга муносабат билдиришади. Хусусан, қасддан баданга енгил шикаст етказишни анчайин енгил жиноят сифатида қабул қилишади ва ҳамиша ҳам бу ғайриқонуний ҳаракатдан ўзларини тияверишмайди. Шу боис бундай қилмиш кундалик ҳаётимизда тез-тез учраб туради. Ваҳоланки, жамиятда жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди.

 

Самарқанд вилоят судининг судьяси

ЖАҲОНГИР Арсланов

 

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

АБДУСАТТОР Абдураззаков

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM