БУЛВАРНИ НИМА ЖИН УРДИ?

"Каттақўрғон қачон обод бўларкан? Шаҳарга ҳеч ким қарамайди?".. оҳангидаги гап-сўзлар каттақўрғонликларни доим қизиқтирган мавзу бўлиб келган.

Ниҳоят, Президентимизнинг эътибори билан “Каттақўрғоннинг ҳам куни туғиб” бюджетдан ажратилаётган миллиардлар эвазига шаҳар мисли кўрилмаган даражада ўзгара бошлади.

Янги бинолар қурилди: маҳаллалар, маиший, маданий иншоотлар таъмирдан чиқарилди. Хуллас кейинги бир йил ичида шитоб билан олиб борилаётган ўзгаришлар боис шаҳар янгича қиёфа оча бошлади.

Бироқ...

Янги марказдаги Мирзо Улуғбек кўчаси, халқ тилида айтганда “булвар”ни чиройли, обод ва кўнгилочар гўшага айлантириш мақсадида шаҳар ҳокимлиги томонидан 200.0 млн. сўм маблағ ажратилиб алоҳида лойиҳа асосида қурилиш ва бунёдкорлик ишлари бошланган эди.

Айни дамда сув чиқарилиб, суғориш тизими барпо этилди. Минглаб гул ва кўчатлар ўтказилди. Муҳими 20 та конструкция ўрнатилиб, кўзни қувонтирадиган рангли чироқлар турли рангларда товланиб, қоронғи кечаларда дилларни қувонтирадиган бўлди.

Аммо шу кунларда бу ерда юз бераётган ноҳуш ҳолатлар дилни хира қилмоқда.

Яъни, ҳар кечқурун номаълум шахслар томонидан конструкциянинг устига чиқиб, тепиб, синдириб унинг қисмларига шикаст етказилмоқда.

-Бу биринчи марта эмас, - дейди, - “Ободонлаштириш бошқармаси” бошлиғи Ж. Аҳмедов, - ўтган йили декабрь ойида ҳам конструкция электр тизимини ковлаб, зарар етказиш натижасида булварнинг ўнг томонидаги 10 та устун тўла ишдан чиқди. Биз бу сафар учинчи марта таъмирдан чиқаряпмиз.

Каттақўрғон маданият ва маърифат шаҳрику. Наҳотки, бундан бор йўғи бир йил олдин ҳуввилаб, қоронғу бўлиб ётган майдон ўрнида одамларнинг кўнглини очадиган, обод гўша барпо этилса, бундан хурсанд бўлиб, уни турли бузғунчилардан ҳимоя қилиш ўрнига бефарқ бўлиб ўтирсак?

Мен бу бузғунчиликни қилаётган, русчасига айтганда “Вандализм” билан шуғулланаётган кишиларни ҳеч ким кўрмаётганига ишонмайман.

Наҳотки “ақлли” телефонлари назаридан ҳеч нима четда қолмайдиган инсонларнинг кўзлари катта конструциянинг юлдузларини бирма-бир ўйиб олиб, ерга чилпарчин қилаётган бузғунчиларни кўрмаяпти?

- Агар уйимдаги бирор мол-мулкимга кимдир тажовуз қилса, “қўлини синдирардим” –дейди шу ерда яшовчи, 65 ёшли Санобар хола ерда ётган чироқ синиқларига боқиб. -Аммо бу буюмларни ким синдирганини кўрганим йўқ. 

Шаҳар ҳокими бўлганига бир йил тўлмаган, шаҳарни обод шаҳарга айлантираман деб жон койитаётган Гавҳар Алимова бу аҳволдан ҳайрон.

-Камера қўйсак, тўхтармикин? -дейди синиқ платмассаларни қўлига олиб.

-Тўхтар, дейман, ҳамшаҳарларимнинг бу қилиғидан уялиб.

Тошкентдан келиб, шаҳарга раҳбарлик қилаётган ҳокимга “Камера қўйса ҳам бу бузғунчиликни тўхтатиб бўлмаса керак, деёлмайман.

Зеро, кишининг қалбидаги “камера”си бунақаларни кўриб тўхтатсагина, ёки Санобар хола айтгандек, бир-иккитасини “қўлини синдирса”гина тўхташи мумкин. Афсуски, биз ҳукм чиқара олмаймиз. Тегишли органлар ҳуқуқбузарларни аниқлаб, уларга чора кўриши аниқ.

“Жин чалган” ларга Оллоҳ инсофи- тофиқ берсин, ҳали шаҳарда қанча иншоотлар қурилиши керак...

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM