МАҲАЛЛА ВА ОИЛАНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВАЗИРИ КАТТАҚЎРҒОНДА

Шу кунларда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида кўрсатилган вазифалардан келиб чиқиб ҳамда жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқароларнинг муаммоларини маҳаллабай ўрганиш бўйича Президент фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида жойларда янги тизимни шакллантиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.

 Айни вақтда бу борада ҳам шаҳримизда иш олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторларини мувофиқлаштириш департаменти директори О. Жўраев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан маҳаллалар кесимида аҳоли муаммолари ўрганилиб уларни бартараф этиш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда.

Шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида иш олиб бораётган махсус штабда ҳар бир соҳа бўйича ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар ва уларнинг ижроси умумлаштирилиб борилмоқда.

Бугун шаҳримизга ташриф буюрган Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазири Раҳмат Маматов бошчилигидаги ишчи гуруҳи бу борада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Ўрганишлар давомида маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ходимларга керакли тушунчалар берилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди.

Маҳалла тизимида амалга оширилаётган ишларга тўхталар экан А.Раҳматов маҳалла чин маънода халқ ва давлат ўртасидаги кўприк бўлишини, бунда соҳа ходимлари олдидаги масъулият юқори эканлигини, ҳар бир маҳалла ходими “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини ҳаётга самарали тадбиқ этишлари лозимлигини таъкидлади. 

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари шаҳримиздаги "Ҳайдарчаман" маҳалласида бўлиб, у ерда яратилган шарт-шароитлар ва жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда ҳамкорликдаги фаолият билан яқиндан танишдилар.

Мамлакатимизда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни иш билан бандлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масаласи сифатида эътироф этилган. Шаҳримиздаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида бўлган ишчи гуруҳи бу борада олиб борилаётган ишларга ҳам эътибор қаратди ва марказдаги ўқув жараёнлари, касбга ўқитиш бўйича яратилган шароитларни кўздан кечирдилар.

Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларини ҳам кузатган ишчи гуруҳи бу борада каттақўрғонликларнинг фикр ва мулоҳазаларини ҳам тингладилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати

2015-2021 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM