ЯНГИ ЙИЛДА- ЯНГИ БОҒЧАДА!

Кейинги кунларда шаҳримизда рўй бераётган ўзгаришлар, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ҳаётини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар шаҳар аҳолисини беҳад қувонтирмоқда. Текис ва равон бўлаётган кўчалар, обод маҳаллалар, муҳташам бинолар шаҳар кўркига янада кўрк бермоқда.

Яқинда янги йил олдидан яна бир қатор ижтимоий, иқтисодий ва маданий-маърифий соҳа объектларининг фойдаланишга топширилгани ҳам шаҳар аҳолисига муносиб туҳфа бўлди. 

Иншоотларни очилиш тадбирларида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, вилоятдан вакиллар ҳамда шаҳримиз фаоллари иштирок этди.

Ўтган йил давомида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида кўплаб халқ таълими ҳамда мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, шаҳримиздаги 10, 13, 14 ҳамда 23- мактабгача таълим ташкилотларида ҳам олиб борилган капитал таъмирлаш ишлари боис бугун улар замон талабларига жавоб берадиган кўркам ва барча қулайликларга эга бўлган масканга айланди, десак, муболаға бўлмайди.

Шу куни тадбир иштирокчилари 55 ўринли 10-сонли, 185 ўринли 13-сонли, 240 ўринли 14-сонли ҳамда 180 ўринга мўлжалланган 23-сонли кўп тармоқли мактабгача таълим ташкилотларида болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Албатта, иссиқ ва ёруғ ётоғхоналар, ошхона, ҳар бир гуруҳ учун алоҳида ўқув машғулот хоналари кўзни қувнатади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM