ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ТИЗИМИ: ТАРАҚҚИЁТНИНГ ТАМАЛ ТОШИ, МАМЛАКАТНИ ҚУДРАТЛИ, МИЛЛАТНИ БУЮК ҚИЛАДИГАН КУЧ 

Мамлакатимизда янги замон авлодини тарбиялаш, улар дунёқарашини янгича қадриятлар асосида шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Сўнгги йилларда мамлакатда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар бунинг ёрқин исботидир.

Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

Шаҳримиздаги 18-умумтаълим мактабида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг ўқитувчи-педагоглар билан ўтказган давра суҳбати ушбу долзарб масалага бағишланди.

Сўзга чиққан шаҳар ҳокими бугун мамлакатимизда ёш авлонинг таълим-тарбиясига берилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар хусусида сўз юритар экан мамлакат маънавий-маърифий соҳасини, таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишда ушбу Фармоннинг нақадар аҳамиятли эканлигига тўхталди.  

Фармонда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш, жамиятимизда ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада ошириш, таълим олувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, таълим тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг бир қатор асосий йўналишлари белгилаб берилган.

Жумладан, салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш, рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини яратиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси вакилларининг ўрни ва мақомини ошириш, хусусий секторнинг салмоғини кенгайтириш, нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш, таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, илм-фанни иқтисодиётнинг асосий драйверига айлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, иқтидорли ёш олимларни рағбатлантириш, таълим тизимига юқори самарали халқаро амалиётни жорий этиш, республика таълим ташкилотларини нуфузли халқаро рейтингларга киритиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш.

Давлатимиз раҳбарининг ёш авлодни таълим-тарбиясига, илм-фанга бунчалик ғамхўрлик қилаётганларида жуда катта маъно мужассам дейди,- Гавҳар Алимова. – Албатта янги Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқишда, халқ бахтиёрлиги ва фаровонлигига эришишда зукко, билимли, кенг дунёқарашли ва юксак тафаккур эгаси бўлган мутахассислар жудаям зарур. Бунга эса фақат бу борадаги жадал ислоҳотлар, илм-фан, юксак маърифат ва инновация билан эришиш мумкин. Етук ислоҳотчи бўладиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларни тарбиялаш бунда муҳим омил ҳисобланади. Бу ишларда эса албатта ўқитувчи-педагогларнинг ўз ишларига янада масъулият билан ёндашишлари лозим бўлади.

Тадбирда иштирок этган шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Ш.Тагаев бугун шаҳримизда таълим тизимини такомиллаштириш, ўқувчи-ёшларни етук салоҳиятли кадрлар қилиб тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб, бугун шаҳримиз вилоятда таълим рейтенги бўйича биринчи ўринга муносиб топилганлиги шаҳар таълим соҳаси вакилларининг самарали меҳнатлари боислигини таъкидлади.

Шаҳар ҳокими мактабдаги ташриф давомида муассасада куз-қиш мавсумида бажарилган ишлар, синфхоналардаги иситиш тизими ҳолати билан ҳам яқиндан танишди.

Шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM