ОНА - ТИЛИМ САРЧАШМАНГДАН САРХУШ ДИЛИМ

Жорий йилда 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз бир йил тўлди. Ушбу тарихий ҳужжатга асосан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда.

Миллатимизнинг ғурури ва ифтихори бўлган ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун юртимизда кенг нишонланиши анъанага айланган. Шу муносабат билан бугун шаҳримиздаги истироҳат боғида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.  

Дастлаб шаҳар ҳокимлиги, халқ таълими вакиллари, ёшлар, фахрийлар, ижодкорлар ва жамоатчилик вакиллари улуғ мутафаккир шоир, тилимиз асосчиси Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар. Буюк алломанинг ўзбек тили равнақи йўлидаги улкан ишлари ёдга олиниб яқинда Президентимизнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўрисида”ги қарорининг қабул қилиниши улуғ мутаффаккирнинг буюк хизматларига кўрсатилган юксак ҳурмат эканлигини эътироф этдилар.

– Ҳар бир миллатнинг фахри ва ғурури бўлган, унинг бир миллат, халқ эканлигини билдирувчи, ўзлигини намоён этадиган биринчи белгиси унинг тилидир, – дейди тадбирда сўзга чиққан шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Ҳамротош Шодиева.– Албатта тилимизнинг дунёда ҳеч бир тилдан кам эмаслигини бугун бутун халқимиз, айниқса ёш авлод дилдан ҳис қилиши лозим. Зеро ватанга бўлган муҳаббат ҳам она тилимиздан бошланади.

 

Маданият бўлими томонидан тайёрланган саҳналаштирилган байрам дастури, куй қўшиқлар, саҳна кўринишлари ва ижодкорларнинг шеър ва ғазаллари даврага ўзгача шукуҳ кашф этди.

Шаҳримиз бўйлаб “Давлат тили тўғрисида” қонун қабул қилинган кунга бағишланган шундай адабий-бадиий кечалар, ижодий учрашувлар, байрам тадбирлари давом этмоқда.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM