ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОР ИШ БОШЛАДИ

Тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганлар учун мамлакатимизда барча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилган. Шаҳримизда ҳам якка тартибдаги, хусусий ва бошқа кўринишдаги тадбиркорик фаолияти билан шуғулланувчилар бу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз тадбиркорлигини кенгайтириш, шу орқали янги иш ўринларини яратишга ҳаракат қилмоқдалар. 

Айниқса, пандемия даврида шаҳримизда янгидан-янги тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятини бошлаётгани қувонарли ҳол.

Бугун шаҳримиздаги “Дўстлик” маҳалласида нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган  “EXCLUSIVE INTERVAL” деб номланган оилавий корхона иш бошлади.

Бугун тадбиркорликни бошлаш орқали халқимизга турли хилдаги нон маҳсулотларини етказиб бериш билан бирга оила аъзоларимизни иш билан таъминланганидан хурсандман. Тикувчилик цехи ҳам ташкил қилдик. Келажакда тадбиркорлигимизни янада кенгайтириш ниятимиз бор,- дейди тадбиркор Ижобат Шодмонова.

Тадбиркорнинг иш фаолияти билан яқиндан танишган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Сайипов ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш шаҳар бўлими раҳбари Ф.Рахимовалар оилавий тадбиркорнинг ишларига муваффақиятлар тиладилар.    

Шунингдек, бугун шаҳримизга ташриф буюрган Самарқанд вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази бош мутахассиси Фотима Ботирова шаҳримизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар хусусида гапирар экан, Каттақўрғон шаҳрида хотин-қиз тадбиркорларнинг кўпаяётгани бу борада олиб борилаётган ишларнинг амалий натижаси эканлигини таъкидлади.   

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM