ТАБРИКНОМА

Ҳурматли талабалик бахтига муяссар бўлган ёшлар!

Авваламбор, сизларни чин қалбдан тинимсиз ва самарали меҳнат орқали дастлабки юксак илмий маррани забт этганингиз билан табриклаймиз!

Ёшликдаги кўпгина бебошликлардан, фойдаси йўқ шўхликлардан, телефон ва интернетдаги бесамар кўнгилхўш ўйинлардан ўзингизни сақлаб ёрқин келажак кафолати бўлган илм йўлини танлаганингиз албатта тахсинга сазовордир.

Биз ишонамизки, бу дастлабки ютуқ Сизни янада юксакроқ довонларни забт этишга чорлайди ва юрт фаровонлиги йўлидаги фаолиятингизда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Муҳтарам устозлар, азиз ота-оналар!

Шогирдингиз ҳамда азиз фарзандингиз эришган бу улкан ғалабада Сизларнинг хиссаларингиз беқиёсдир. Зеро, ота-она сифатида фарзандига тўғри тарбия бериш, уни қўллаб-қувватлаш, турли ножўя доиралардан химоя қилиш –бу мураккаб ва машаққатли жараёндир. Шу каби, фан боғининг боғбонлари бўлган азиз устозларнинг шогирдлари камолидан уларнинг ўзларидан кўра кўпроқ қувонаётганлиги бу шарафли касб эгаларининг нақадар меҳридарёлигидан далолатдир.

Қадрли ёшлар!

Албатта, орангизда талаба бўлиш истагида бўлган тенгдошларингиз талайгина. Бу йилги танловда омади чопмаган ёки озгина билими етмаганлар ҳам кам эмас. Ҳеч тушкунликка тушмасдан янада кўпроқ интилиб, бахтни билимда деб билсангиз худо хоҳласа албатта талаба бўлишингизга ишончимиз комил. Қайси жабҳада бўлмасин жонажон ватанимиз равнақи йўлида меҳнат қилиш ҳамда пировард натижада ҳазрати инсон бўлиш бахти барчамизга насиб этсин.

Каттақўрғон шаҳар прокуратураси

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM