КОРОНАВИРУС КАСАЛЛИГИНИ ОЛДИНИ ОЛИШ БОРАСИДАГИ ИШЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Барчамизга маълумки Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра 15 августдан бошлаб карантин тартиб қоидалари юмшатилди. Рухсат берилган барча фаолият турларида карантин билан боғлиқ қоидаларга амал қилиниши белгиланган. Лекин барча фуқаролар бунда лоқайдликка йўл қўймай ўзлари ва яқинларининг соғликларига эътиборлироқ бўлишлари мақсалга мувофиқ. 

Бунда тегишли ташкилотларнинг ҳам янада масъулият билан ишлашлари талаб қилинади. Айниқса тиббиёт ходимлари, ИИБ, ДСЭОМ ходимларининг бу борадаги фаолликлари, ўз ишларига масъулият билан ёндашишлари муҳим аҳамият касб этади.

Бугун шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида шаҳар Тиббиёт бирлашмаси ходимлари, маҳалла, ИИБ ва секторлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ана шу масалалар муҳокама қилинди.   

Йиғилишда иштирок этган вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов шаҳримизда Коронавирус пандемияси даврида касалликни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг таҳлили ҳақида гапирар экан, тиббиёт ходими, патронаж ҳамшира, умумий амалиёт шифокорининг ўз ишига масъулиятсизлиги, унинг биргина хатоси касалликка чалинган беморларнинг вақтида тузалишига салбий таъсири қилиши, уларнинг оила аъзоларини назоратга олмаслик касалликни янада кўпайишига олиб келишини, шу боисдан ҳар бир тиббиёт ходими ўз ишига масъулият билан ёндашиши шартлигини айтди. Шунингдек, касалликни даволашдаги муҳим воситалардан бири уни барвақт аниқлаш, беморни ва унинг яқинларини назоратга олиш, доимий равишда уйда ёки шифохонада даволанаётган беморларнинг ва уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиб туриш лозимлигини, бу каби ишларда албатта маҳалла, ИИБ, Халқ таълими, мактабгача таълим, ДСЭОМ вакиллари билан ҳамкорликда амалга ошириш кўпроқ натижа беришини таъкидлади. 

Шунингдек, йиғилишда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова карантин юмшади дегани касаллик чекинди дегани эмаслигини, ҳеч биримиз бунга лоқайдлик билан қарамаслигимиз лозимлиги, доим санитария-гигиена талабларига амал қилиш хусусда сўз юритар экан, бу борадаги барча мутасадди раҳбарларга шаҳарда касалликни олдини олиш билан боғлиқ ишлар ҳақида, касалликка чалинган беморларнинг ҳолати ҳақидаги батафсил маълумотларнинг ҳар кунлик ҳисоботини бериб боришлари ҳақида ўз топшириқларини берди.

Йиғилиш якунида юқорида таъкидланган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM