КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИДА “ХАЛҚСЕВАР – ВАТАНСЕВАР” САВДО МАРКАЗИ ИШ БОШЛАДИ

Пандемия даврида аҳолини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида жуда кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳолини озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш, ички бозорни таъминлаш мақсадида очилаётган “Халқсевар-Ватансевар” савдо марказлари фикримизнинг далилидир.Бугун шаҳримизда ҳам “Шарқ саноат” қошидаги “Халқсевар-Ватансевар” савдо мажмуаси иш бошлади. 

 

Савдо марказнинг очилиш тадбирида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирок этди. Марказ фаолиятига муваффақиятлар тилар экан шаҳар ҳокими, ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, харид нархлари ҳам қулай бўлган мана шундай савдо марказларининг ташкил этилиши аҳоли учун бугунги пандемия даврида анча енгилликлар бўлишини, қолаверса синовли кунларда аҳолини қўллаб-қувватлаш борасидаги саховат ва кўмак тадбирларида айниқса тадбиркорлар фаоллик кўрсатаётганликларини таъкидлади.

-Савдо марказимиз келгусида шаҳримиз аҳолисига беминнат хизмат қилади деб ўйлаймиз. Марказимизнинг қулай жиҳатларидан бирини айтадиган бўлсам маҳсулотларни сифати ва даражаси аҳолини талабига мос келиши билан бирга бу ерда эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари ҳамда бошқа турдаги текстиль маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган. Фуқароларимиз оилавий келган ҳолда харид қилишлари мумкин. Қолаверса фаолиятимизни бошлаш билан бирга 5 та фуқарони иш билан таъминлаганимиздан, 5 та оиланинг иқтисодий аҳволини яхшилашда оз бўлсада ҳиссамизни қўшганимиздан мамнунмиз, - дейди марказ ташкилотчиларидан Азизбек Ўринов.

Бугун савдо марказининг очилишида иштирок этиб илк харидорлар бўлган Тўпанисо опа Мукумова ҳамда Муҳаббат опа Назаровалар ушбу савдо марказидаги маҳсулотларнинг сифати ва нархлари, қолаверса яшаш жойларига яқин ҳудудда жойлашганлиги ҳам уларга жуда мақул бўлганлигини таъкидладилар.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM