ВАТАН МЕҲРИ БИЛАН ЯШАЙМАН

Ўзбекистон ва Россия бадиий академияларининг аъзоси, ЮНЕСКОнинг рассомлар федерацияси ҳақиқий аъзоси, ёзувчи, драматург Алексей-Рафик Караевнинг асарлари саҳналар ва халқаро кўргазмаларда эътибор қозонаётир. А.Караевнинг “Шок” - “Талваса” песаси 2014 йили Каттақўрғон драма театрида ўйналган эди. Ўтган йили бу асар иқтидорли режиссёр Аҳмадулло Ниёзов томонидан Самарқанд рус драма театрида ҳам муваффақиятли саҳналаштирилади.

 

А.Караев Москванинг “АРТ Театр” нашриётида чоп этилган “Наногород-полигон”, “Нанобумеранг” романларининг муаллифи ҳамдир.

Рафик-Алексей Караев Каттақўрғон фарзанди. Ўзининг илк чизма-суратларини киндик қони томган Каттақўрғонда машқ қилган. У шаҳардаги 3-ўрта мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ёш рассомларнинг вилоят ва республика миқёсидаги кўрик-танловларда бир неча бор ёрлиқ совринларга сазовор бўлганди.

Алексей кейинчалик Душанба шаҳар рассомлик билим юрти, Тошкент санъат олийгоҳининг рангтасвир бўлимида таҳсил олди, собиқ иттифоқ Халқ рассомлари Неъмат Қўзибоев, Иван Енин, Лидия Пренодоваларга шогирд тушиб мусаввирликнинг янги-янги қирраларини эгаллашга киришди. Институтни олий баҳоларда битиргач, ҳарбий хизматда бўлди, беш йил Бенков номидаги Тошкент рассомлик билим юртида ишлади, ёш мусаввирларга сабоқ берди.

Болалигимдан рангтасвир услубида ишлаяпман, - дейди Алексей Караев туғилган шаҳрим Каттақўрғон, азим Самарқанд манзаралари, тарихий обидалари, юртимизнинг бағрикенг, меҳнаткаш инсонлари, миллий қадриятлар мавзусидаги ишларим 1978-1981 йилларда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги кўргазмаларида юқори баҳоланди.

Алексей Караев 1986 йилдан буён Москвада яшаб ижод қилмоқда. У Ўзбекистон ва Россия Бадиий Академияси аъзоси. Шахсий кўргазмалари Франция, Италия, Англияда намойиш этилиб, мусаввирнинг шуҳратини янада оширди. ЮНЕСКОнинг Байналминал федерацияси 1995 йили Алексей Караевга мазкур уюшманинг ҳақиқий аъзоси гувоҳномасини топширди.

2008 йилнинг апрель-ноябрь ойларида А.Караев асарлари кўргазмаси Германия ва Люксенбург давлатларида намойиш этилди. Кўргазма буклет ва таклифномалари ЮНЕСКО томонидан тарқатилди.

А.Караев бахтиёр оилалардан бирининг сарбони. У тез-тез она юрти, она шаҳрига келиб, ўзбек элининг бугунги жамоли ҳақида асарлар яратаётир.

Серқирра ижодкор Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Каттақўрғон шаҳарларини кезиб миллий қадриятларимиз, азалий урф-удумларимиз, тўй-маъракаларимиз ҳақидаги асарларига мавзулар тўплади, республикамизнинг ёзувчилари таниқли мусаввирлари билан учрашди, зиёратгоҳларда бўлди.

Каттақўрғон туманидаги 50-умумтаълим мактабида эса А.Караевнинг волидаи муҳтарамаси, раҳматлик Сара Караева таваллудининг юз йиллиги муносабати билан хотира тадбири ўтказилганди, 2016 йили.

Тадбирда қатнашган Алексей Караев мактаб кутубхонасига китоблар, альбомлар

Совға қилганди. 

Зеро, серқирра ижодкорнинг онаси Сара она 1946-1974 йилларда бизнинг мактабда ишлаган, ўқувчиларимизга физика фанидан сабоқ берган, -дейди фахр билан 50-мактаб директори Сайёра Жумаева.

Ўзбекистон ва ўзбек халқининг улуғлиги ҳақида янги асарлар яратиш ниятидаман, - дейди таниқли рассом, ёзувчи Алексей Караев, - мустақил юртимнинг равнақ ютуқларидан қувонаман, қаерда бўлмайин она-Ватан меҳри билан яшайман.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM