МЕҲР

Мазкур хотира - лавҳани ёзиш ниятида қўлимга қалам олатуриб, шоирнинг қуйидаги сатрлари ёдимга тушди:

...Сендан юксак нима бор, юлдуз?

Оналар меҳри.

Сендан кескир нима бор, олмос?

Оналар қаҳри.

Қайдан олдинг оташни қуёш?

Она қалбидан...

Ҳа, Она ҳаёт бунёдкори ва жафокашидир. Она ўз фарзандини илмли, ҳунарли, халқ ва Ватанга содиқ бўлиб етишиши учун барча чораларни кўради.

Она қалби дунё қадар кенг, бағри чексиз, меҳри офтобдан ҳам иссиқ.

 

Дунёда фарзанд учун онадан азиз ва табаррук зот йўқ, албатта. Меҳр билан ўпиб, ардоқлаб тунларни бедор ўтказиб аллалар айтган Она муҳаббатини бизда “Меҳр” дейдилар. “Меҳр” сўзининг маъноси эса қуёш билан баробардир. Қуёш ҳарорат билан яшаганидек, фарзанд ҳам она меҳри билан гулгундир.

...Татар қизи Умигулсум ҳам оиласига, атрофдагиларга меҳр улашиб қадр топганди, эътибор топганди. Бундан роппа-роса бир аср муқаддам Москва билан Рязань шаҳарлари ўрталиғида жойлашган Бастаново қишлоғида оламга келган жажжи қизалоқ, ўтган асрнинг 30-йилларигача ота-она ардоғида ўсди. Умигулсумнинг ота-боболари дворян, ўқимишли, диндорлар авлодидан саналиб, улардан аксарияти Бухоро мадрасаларида ҳам таҳсил олиб қайтишганди.

1929-1930 йилларда шўро юртида қатағон, “қама-қама” бошланди. Биринчи навбатда зодагонлар авлодлари, ўқимишли зиёлилар, диндорларга “ҳужум” бошлашди. Кўплар “халқ душмани” сифатида қулоқ қилинди, отилди, сургун бўлди.

Шу паллаларда Умигулсум бўйи етиб қолган ўсмир қиз эди. Отаси суюкли қизи Умигулсумни “олатасир” тузумдан асраш ниятида Ўзбекистоннинг Каттақўрғон шаҳрига, синглиси-Ҳаят Султанова - Девликамованикига зудлик билан жўнатиб юборади.

1930 йили Умигулсум Девликамова аммаси Ҳ.Султанованинг қизи сифатида “расмийлаштирилиб” Каттақўрғонда яшаб қолди.

Умигулсум 1930 йили Каттақўрғон пелагогика техникумига ўқишга кириб, билимгоҳни муваффақиятли битирди ва қишлоқдаги бошланғич мактабда меҳнат фаолиятини бошлади. Тиришқоқ, изланувчан ёш педагог ғоят қисқа фурсатда ўзбек тилида равон дарс ўтиши, самимийлиги, ташкилотчилиги билан назарга тушди.

1938 йили Умигулсум ўз бахтини ҳам Маорифчилар орасидан топди. Зиёлилар хонадони фарзанди, моҳир педагог Сами Бобомуродов билан умр ришталарини боғлаган Умигулсум Девликамова ўзбекона турмуш тарзига мослашиб кетди. Миллий урф удумларимизни ихлос билан ўрганишга киришган ёш келинчак ибо-одоби, камтарлиги боис оиланинг, маҳалланинг меҳр-эътиборига мушарраф бўлди.

...Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Тиф касаллиги билан гумон қилиниб фронтга жўнатилаётган аскарлар эшеланидан тушириб қолдирилган турмуш ўртоғи Самижон олти ой тўшакка михланди. Умигулсум ўша кезларда тумандаги собиқ 50-мактабда ишлар, ишдан қайтгач бемор эри ва бирин-кетин оламга келаётган ёш гўдаклари атрофида парвона бўларди. Қахатчилик, оғир дамлар... Умигулсум эрини оёққа турғазиш, фарзандларини улғайтиришда иродали аёл эканлигини исботлаганди, ўша йилларда. Зеро, келинлик пайтларидаги тақинчоқлар, зебигардонларини сотиб бўлсада эрини даволатишга, болаларини оёққа турғазишга эришди.

Шу ўринда маориф дарғаларидан саналган инсон, 1932-1944 ҳамда 1965-1975 йилларда Каттақўрғон туман Халқ маорифи бўлимига раҳбарлик қилган таниқли муаллим Сами Бобомуродовнинг қисқа таржимаи ҳолига ҳам назар ташлаш жоиз.

Зеро, Сами Бобомуродов талабчан, адолатли, янгиликни хуш кўрадиган раҳбар эди. Ўқиш, ўқитиш жабҳасида янгиликлар, ижобий ўзгаришлар яратиш учун жонбозлик қиларди. У юзлаб шогирдларига отадек устозлик қилди. Устоз нафақат ҳар бир ўқитувчини ёхуд ўзи бевосита дарс берган синф ўқувчиларини балки ҳамма ўқувчиларнинг хатти-ҳаракати, қобилияти, юриш-туриши, насл-насабини беш панжадек билар эди.

...С.Бобомуродов зиёлилар оиласидан бўлсада меҳнат фаолиятини ёшлигидан деҳқончилик билан шуғулланишдан бошлади. 1924-30 йилларда эса саводи кучлилиги, камтар ва ҳалоллиги учун шаҳар бозор қўмитасида тушумни назорат қилувчи (ўша пайтда савдо хизмати учун тўланадиган солиқни йиғиб олувчи) бўлиб ишлади. Ишдан ажралмаган ҳолда икки йиллик ўқитувчилар тайёрлаш курсини тугаллади. Ва ўша йили тумандаги 37-мактабга ўқитувчи бўлиб ишга келди. Қисқаси 1930 йиллардан то умрининг охиригача, қарийб 50 йил халқ таълими соҳасида фидокорона меҳнат қилди.

Меҳнат қилибгина қолмасдан фарзандлари, невара-чевараларидан ҳам қарийб 30 нафарини ўқитувчи, педагог-тарбиячи қилиб тайёрлади.

С.Бобомуродовнинг меҳнатлари муносиб тақдирланди. У 2 та Меҳнат Қизил Байроқ ордени, «Меҳнат шуҳрати» медали, қатор Фахрий Ёрлиқлар билан мукофотланди. Бир неча марта туман Кенгаши депутатлигига сайланди. Муҳими у ҳақиқий педагог, мураббий, халқ таълими жонкуяри, ҳалол ва адолатли раҳбар сифатида минглаб инсонлар кўнглидан жой олди.

Хонадоннинг бағри кенг, меҳрли, садоқатли бекаси Умигулсум Девликамова эса қарийб чорак аср Каттақўрғондаги 50-(кейинчалик 21) мактабда ўқитувчилик қилиб нафақага чиққанди. Онахон “Халқ маорифи аълочиси” нишонига ҳам сазовор бўлувди.

...Бир донишманддан сўрадилар: «Айтинг-чи, энг бахтли инсон ким?». У ҳеч ўйлаб ўтирмай жавоб берди: «Яхши оила қуролган, шу оиласини бахтли қилолган кимса».

... Бу бир ривоят бўлсада, аммо мазмун-моҳияти билан барчага ибрат бўларлидир. Мана шунинг учун ҳам оила ришталари боғланган кундан бошлаб унга ғамхўрлик қиламиз, равнақини ўйлаймиз. Чунки-оила нафақат бир нечта кишининг, балки бутун инсониятнинг тараққиёт бешигидир.

Дарвоқе, Сами ака ҳамда зукко, фариштали аёл Умигулсум ая маорифчилар сулоласига сарбон бўлишди. Масалан, хонадон фарзандлари-Шавкат, Рустам, Гулчехра, Баҳодир, Эркинжонлар, элликдан ортиқ неваралар ота-оналаридек - халқ таълими соҳасини танлашди.

Масалан, Шавкат Бобомуродов қарийб ярим аср ўқитувчилик қилди. Ўрта мактаблар ва касб-ҳунар билим юртига раҳбарлик қилди. Самарали хизматлари боис Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Халқ таълими ходими унвонига сазовор бўлди. Педагог, журналист, матбаачи Рустам Бобомуродов 25 йил маориф соҳасида ишлади. Нуфузли нашрларнинг мухбири бўлди, шаҳар босмахонаси фаолиятини яхшилашда жонбозлик кўрсатди.

Қизлардан - Гулчехра опа СамДУнинг чет тиллар куллиётини битириб, узоқ йиллар ўқувчиларга хорижий тилларни ўргатди. Раҳматлик Гулчехра Бобомуродова ўзбек, рус, немис тилларида равон сўзлашадиган, билимдон, тажрибали педагог сифатида қадру-эътибор топганди.

Сулоланинг кенжа вакилларидан Баҳодир Бобомуродов кучли ирода эгаси, ўта камтарин, билимли, маънан юксак, дилкаш, садоқатли йигит эди, раҳматлик. У ҳаётни эрта тарк этди.

Жуссадор, бақувват, ҳаракатчан, зийрак болакай даволаш қийин бўлган дардга чалинди. Оёқ суяклари нимжон ривожланиб, гавдани кўтаришга ҳам чидаш беролмайдиган ҳолга тушди. Баҳодир бу дард билан умр бўйи мардона олишди ва ҳеч қачон унга таслим бўлмади. Аксинча тўрт мучали соғ одамлар ҳам эриша олмайдиган муваффақиятларга сазовор бўлди.

Самарқанд молия иқтисод техникумини имтиёзли диплом билан тугатган йигит, соғлиғи сабабли Москва савдо институтида ўқишни давом эттира олмай сиртдан СамДУнинг рус филологияси факультетини тамомлади. Адолатли, қатъиятли, билимли, энг муҳими ажойиб инсоний фазилатларга эга бу инсон кейинчалик вилоят халқ таълими бўлими, вилоят назорат-тафтиш бошқармасида маъсул лавозимларда меҳнат қилди.

Оиланинг яна бир фарзанди Эркинжон ҳам педагог. Айни кунда нафақада. Кичик қизлари - Гулсара Бобомуродова - қўли эм шифокор, физиотерапевт. Узоқ йиллардан буён Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасида хизмат қилаётир. У шаҳар Кенгаши депутати.

— Хонадонимизда зиёкорлар, педагоглар сулоласи давом этаётганлигида раҳматлик онамизнинг меҳри, мураббиялиги катта аҳамият касб этган - дейди оиланинг бош фарзандларидан бири, педагог, журналист, меҳнат фахрийси Рустам ака Бобомуродов.

...Умигулсум ая фарзандларининг бахти, иқболидан эндигина баҳраманд бўлаётган кезларида, етмиш ёшда оламдан ўтганди. Меҳр кўргузиб, меҳр топган оқила аёлни каттақўрғонликлар “Гулсум опамиз” деб эслашади мудом. Онахон ҳаёт бўлганида аср ёшини қарши оларди, бугун.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM