СИНОВЛАРДА ДОИМО ҒОЛИБ БЎЛГАН ХАЛҚ ВАКИЛИМИЗ

Шу кунларда бутун инсоният сингари халқимиз ҳам оғир синовни бошидан кечирмоқда. Дунёнинг 205 дан зиёд давлатида 3,5 миллионга яқин кишини домига тортган, ўн минглаб катта-ю кичикнинг умрига зомин бўлган, жаҳон  иқтисодиётига мисли кўрилмаган даражада зарар етказган коронавирус балоси жонажон мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган махсус комиссия, барча вазирликлар, қўмита ва бошқармалар, нодавлат  ташкилотлар, сахийқалб тадбиркорларнинг беминнат кўмагида қисқа вақт ичида касалликни аниқлаш, беморларни карантинга олиш ва даволаш, хориждаги ватандошларимиз саломатлигини сақлаш, саноат тармоқларининг  узлуксиз ишлашини таъминлаш, халқимизнинг кундалик эҳтиёжини қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида  зарур  чоралар кўрилди.  

 

         Афсуски, ҳали бу иллат тўлиқ баратараф этилганича йўқ. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга қилган мурожжатлари биз учун дастурул амалдир. “Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд,- дея таъкидланди мурожаатда,-хавотир ёки вахимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим. Барча давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлар, муҳтарам нуронийлар,  хотин-қизлар, ёшлар бирлашмалари фаоллари оммавий ахборот воситалари орқали холис, ҳаққоний ва кенг тушунтириш ишларини кучайтиришига ишонаман”.

       Ана шу ишонч биз, нуронийларни, ҳам янада фаолроқ бўлишга, аҳоли, айниқса, ёшлар  ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришга руҳлантирмоқда. Ҳар бир қулай имкониятдан фойдаланган ҳолда биз ўғил-қизларимиз, ота-оналар, қолаверса, маҳалла аҳлига  касалликдан сақланиш, унга қарши кураш чора-тадбирлари, шу муносабат билан қабул қилинган қарорлар, буйруқ ва йўл-йўриқларни кенг тарғиб қилган ҳолда, уларнинг ижросини таъминлашга  ҳисса қўшмоғимиз шарт.  

               Коронавирус билан курашаётган халқимиз яна кутилмаган катта синовларга дуч келди. Бухоро ва Навоий вилоятларида юз берган туфон ҳамда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонидан сув тошиб чиқиши натижасида минглаб оилалар жабр кўрди. Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси ва раҳбарлиги остида 70 мингга яқин киши хавфсиз жойга кўчирилди. Бугун барча вилоят, туман  ва шаҳарларнинг аҳолиси, бутун мамлакат сирдарёликларга ёрдамга келиб, табиий офат зарарларини бартараф этишда улар билан ёнма-ён курашмоқда.  Бу ташаббусдан каттақўрғонликлар ҳам четда қолгани йўқ.  

         Муборак Рамазон ойида ночорлар, беморлар, ёлғизлар, кам таъминланган, серфарзанд оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий кўмак уюштириш, қабристонларни обод қилиш, саховат ва кўмак акцияларида фаол иштирок этишда  ибрат кўрсатиш, барчани сахий ва мурувватли, меҳру оқибатли бўлишга даъват  этиш, биз, нуроний отахон-онахонларнинг, ҳожи ва ҳожи оналарнинг муқаддас вазифаси эканини унутмайлик.Ушбу даъват бир гуруҳ журналистика фахрийлари, ижодкорларнинг дил амри, уларнинг халқимиз билан доимо бирга ва ҳамжиҳат эканликларининг ёрқин ифодаси эканини эслатиб ўтмоқчимиз.

                                                                                                                     Муҳаммад АЛИ,

                                                                                                             журналистика фахрийси.   

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM