МУЗЕЙЛАР - ТАРИХ КЎЗГУСИ

Мамлакатимизнинг мустақилликка эришиши иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг барча жабҳасида бўлгани каби маданий соҳада ҳам туб бурилиш ясади. Жумладан, миллий анъана ҳамда қадриятларимизни тиклаш, бой меросимизни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга катта эътибор қаратила бошланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги Қонуни, биринчи Президентимизнинг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони музейлар ишини ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Музейлар – тарих кўзгуси. Халқ ўтмиши, урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзини ифода этувчи нимаики бўлса, шу ерда жамланади. Халқнинг маънавий дунёсини бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ҳам музейларнинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳар йили 18 май – Халқаро музейлар куни сифатида бутун дунёда кенг нишонланади. Бу кунда музейлар фаолиятига кенг эътибор қаратилиб, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. 

Музейлар бу аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, у йиллар давомида бойиб, тўлиб боради. Ҳар бир давлат тараққиёт сари одимлар экан, доимо тарихга назар ташлаб, мавжуд урф-одатлар, анъаналар ҳамда қадимий ёдгорликларни ўрганишга ва сақлашга интилиши табиий. Бу борада эса музейларнинг ўрни беқиёс. Чунки улар ўтмишдан келган маданият, маърифат, табиат ёдгорликларининг яхлит тизимга солинган йиғиндиси бўлиб, амалдаги қонун-қоидага мувофиқ сақланади ва намойиш қилинади.

Дарҳақиқат, музейлар маънавий ва маърифий илм ўчоғи сифатида доим тараққиётда, ривожланиш ва ўзгаришда. Уларни бойитиб бориш, ўлмас, бой меъморий обидаларни келажак авлодларга етказиш, асраб-авайлаш ҳар биримиздан алоҳида масъулият талаб этади. Музейлар маънавий етук, комил инсонни тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади. Сақланаётган тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатлар авлодларга тарихдан, аждодларимиз ҳаёти, юксак маънавиятидан ҳикоя қилади. Бу эса ёшлар қалбида ота-боболаримиз қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини уйғотиш билан бирга, уларда шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлиш туйғусини ҳам шакллантиради.

Ситора МЎМИНОВА.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM