МУАММОГА АЛБАТТА ЕЧИМ ТОПИЛАДИ

Куни кеча ижтимоий тармоқнинг турли сегментларида Каттақўрғон “Деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудини замон талабларига мос эмаслиги ҳолатини акс эттирувчи видеоматериал тарқалди.
Ушбу видеороликда бозорнинг санитария талабларига мос келмаслиги, шунингдек савдо тушими бўйича норозигарчилик ифодаланган.
Фуқаронинг фикрини эътиборга олиб, видеоматериалда келтирилган фактларни ўрганиш ва уни бартараф этиш юзасидан чора кўриш учун Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигида ишчи гуруҳи тузилди.
Гуруҳ таркибига шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, СЭС ташкилоти, Давлат солиқ инспекцияси, Кадастр хизмати, ветеринария бўлими, “Деҳқон бозори” МЧЖ ва бошқа ташкилот раҳбарлари, шунингдек 2 секторнинг масъул ходимлари киритилди.


Бозордаги санитария ҳолати, уни назорат қилувчи ташкилот ходимларининг ишга муносабатлари гуруҳ аъзолари томонидан ўрганилди.
Ишчи гуруҳ хулосасига биноан шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари И.Маматов баёнот берди:
-Видеоматериалдаги қурилиши тугалланмаган бинолар ва унинг атрофида сайёр савдо расталаридаги салбий гигиеник вазият куннинг якунида, бозор ёпилиши арафасида содир бўлган.
Бозор шаҳардан ташқари қўшни 5 та туман фуқароларига савдо хизматларини кўрсатади. Шу сабабли кўп сонли фуқаролар оқимига савдо ва хизмат кўрсатиш жараёнида санитария ва гигиена қоидаларига амал қилишда эътиборсизликка йўл қўйилганлиги аниқланди.
Бозорнинг савдо тушимидан шаклланган маблағнинг 50 фоизи бюджетга, қолган қисми жамиятнинг мақсадли харажатларига йўналтирилади. Жумладан, 2019 йил натижаларига кўра, маблағ асосан ободончилик ва қурилиш ишларига, беш юз ўринга мўлжалланган савдо растаси, ҳар бири 120 ўринга мўлжалланган 4 та павильон, 5 та 50 ўринли савдо расталари, 120 метрли полиз экинлари савдоси учун махсус айвон, 480 метр ирригация тармоқларини қуриш ишларига йўналтирилган.
Шунингдек, ўтган йилда 120 та савдо дўконлари қайта реконструкция қилинган. Бозор ичида 35,0 минг кв. метр майдонда бетон қопламаси тўшалган. Ушбу ишлар 2020 йилда кенг кўламда давом эттирилиши маълум қилинди. Жумладан бугунги кунда бозор атрофидаги Нарпайбўйи, Санъат, Қорадарё кўчаларида 2 км. га яқин йўл асфальт ётқизишга шай ҳолатга келтириб қўйилди.
Материалда келтирилган ҳар бир салбий ҳолат таҳлил қилиниб, ўрганиш натижалари бўйича хулосалар “Деҳқон бозор” МЧЖ мутасадди ходимлари, СЭС, ветеринария ва бошқа масъул ташкилотлар ходимларига нисбатан маъмурий жазо чоралар кўриш учун суд органлари ҳукмига жўнатилди.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги
Матбуот хизмати

2015-2024 © Хокимият города Каттакургана. Разработан в: SAKTRM