“РЕГИСТОН” ЖАМОАСИ РЕСПУБЛИКА ҒОЛИБИ

Image_tadbir: 

Мамлакатимизда келажагимиз эгалари ёшларнинг маънан етук, жисмонан баркамол инсонлар бўлиб вояга етишлари учун улкан имкониятлар эшиги очилган десак муболаға бўлмайди. Айниқса энди ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни  мустақил фикрга эга бўлишлари, олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишлари учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Шу муносабат билан мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялаш, уларда моҳирлик билан мунозара олиб бориш қобилиятини шакллантириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан 2019-2020 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида (ҳар бир ҳудудда биттадан) жами 14 та умумтаълим мактабида “Мунозара” клублари фаолияти такомиллаштиришига эътибор қаратилди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб клублар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида (ҳар бир ҳудудда ҳар бир клуб бўйича биттадан) жами 28 та умумтаълим мактаби “Мунозара” ва “Заковат” клублари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш бўйича марказлашган тўгаракларни ташкил қилиш бўйича таянч мактаби сифатида белгиланди.

Жорий йилнинг 23-25 август кунлари ушбу таянч мактаблари учун Республика ўқув-семинари ва «Мунозара» республика турнири ташкил этилди. Ушбу турнирда шаҳримиздаги 11-ихтисослашган умумтаълим мактабининг “Мунозара” клуби “Регистон” жамоаси ҳам қатнашиб фахрли 1-ўринни қўлга киритишди ва компьютер жамланмаси билан тақдирландилар.

-Мактабимиз вилоят миқёсида “Мунозара” клуби бўйича таянч мактаби этиб белгиланганлиги биз учун катта масъулият. Биз бу ишончни оқлаймиз албатта. Жамоамиз педагог ходимлари муассасамиз қошида фаолият юритаётган, ёшларни мустақил фикрлайдиган, ўртага қўйилган муаммога холис ёндаша олиш, ўз фикрларини асослаш ва аниқ баён этиш малакасини шакллантириш, ўқувчи-ёшларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантиришга  хизмат қиладиган “Мунозара” тўгараги фаолиятини самарали ташкил қилиш учун бор билим ва маҳоратларини ишга солмоқдалар. Бунинг натижаси улароқ турнирда қатнашган 3та 11 синф ўқувчи қизларимиз Ширин Эшбекова, Лазиза Умарова ҳамда Динора Бўроновалар ғолибликни қўлга киритдилар. Бу ютуқларда устозларимиз мактабимиз маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари Азиз Саханов, Нилуфар Рўзибоева, Нафиса Суннатова, тарих фани ўқитувчиси Нодир Сафаров ҳамда ҳуқуқ фани ўқитувчиси Хуршид Қувондиқовларнинг самарали меҳнатларини айтиш ўринли. Албатта ўқувчиларимизнинг ҳар бир ютуғи биз устозларнинг, мактабимизнинг ютуғи,-дейди биз билан суҳбатда 11-ихтисослашган умумтаълим мактаби раҳбари Озода Салимова.

Каттақўрғон шаҳри ёшларининг қўлга киритаётган ютуқлари Озода опа айтганидек улар таҳсил олаётган муассаса билан бирга  бутун шаҳримизнинг ҳам ютуғидир. Шунингдек, улар номига берилган ҳар бир мақтов, ташаккурнома, фахрий ёрлиқларни шаҳримиз шаънига берилган муносиб баҳо десак тўғри бўлади.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.  

 

2015-2024 © Хокимият города Каттакургана. Разработан в: SAKTRM