ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ БЎЛМОҚЧИМАН

Image_tadbir: 

Ёш каратэчи Фарзонанинг орзуси бу. Фарзона Ражабова шаҳримиздаги 2-сонли умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси. У мактабда жуда фаол ўқувчилардан. Намунали ҳулқи, аъло баҳолари ва жамоат ишларида фаоллиги учун бир неча марта мактаб маъмурияти томонидан фахрий, ёрлиқ ташаккурномалар билан тақдирланган. Фарзона бўш вақтини зое ўтказмайди. Спортга  бўлган қизиқиши боис у спортнинг каратэ тури билан шуғулланади.

Бир ярим йил ичида Фарзона спортда ҳам бир қатор ютуқларга эришди.  2019 йилда у иккита мусобақада, жумладан 1-июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан ўтказилган  “Вилоят очиқ турнири” ҳамда Ояма киокушинкай-кан каратэ бўйича Конимех туман очиқ биринчилигида вазн тоифаси бўйича қатнашиб фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Айниқса яқинда Ўзбекистон “Ашихара-каратэ” федерациясининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 10-11 ёшлилар орасида фахрли 1-ўринни қўлга киритгани Фарзона учун жуда қувончли бўлди.

“Спортга қизиқишимга бобом сабабчи бўлганлар. Мени доим қўллайдилар ва каратэ билан шуғулланишимга барча шароитни қилиб берадилар. Ютуғларимдан роса қувонадилар.   Спорт менинг ҳаётимда катта ўрин тутади.  Ҳам соғлом бўламан,  ҳам ўқишдан бўш вақтимни бекор ўтказмайман. Бугун биз ёшларнинг яхши билим олишимиз, ҳунар эгаллашимиз, спорт билан шуғулланишимиз учун барча шароитлар яратилган. Мен барча тенгдошларимни ҳаётда тўғри йўлни танлашларини, чекиш, ичиш, гиёҳвандлик, ҳуқуқбузарлик каби иллатлардан йироқ бўлиб кўп китоб ўқишларини, спорт билан шуғулланишларини истардим”,- дейди. Фарзона Ражабова биз билан суҳбатда.

Фарзонанинг келажакдаги орзуси албатта жаҳон чемпиони бўлиб юртимиз байроғини юқори кўтариш. Биз албатта унинг ниятини амалга ошишини тилаб қоламиз. Зеро, бугун юртимизда Президентимиз таъбири билан айтганда Фарзона сингари ёшларнинг барча орзу-интилишлари, илғор ғоя ва ташаббусларини руёбга чиқариш ва уни юқори босқичларга олиб чиқиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Фақат бундан унумли фойдаланиш лозим.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Хокимият города Каттакургана. Разработан в: SAKTRM